Ота-оналарни қийнайдиган саволлардан бири – фарзандининг мактабда олаётган баҳолари муҳимми ёки муҳим эмасми? Уч баҳога ўқийдиган болаларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши осон кечиши ҳақидаги фикрлар қанчалик тўғри?
Агар моддий таъминланганлик жиҳатини олиб қарасак, мактабдаги баҳолар бунга тўғридан-тўғри боғлиқликка эга эмас. Бошқача қилиб айтганда, ўртадан баландроқ даромадга эга одамлар орасида мактабда аъло баҳоларга ўқиганлар билан бир қаторда умуман мактабда таълим олиш имконига эга бўлмаганлари ҳам бор. Бунга мисол машҳурлар жуда кўп.
Агар ўз ҳаётидан мамнунлик даражасига таъсирини ўргансак, бунда ҳам мактабдаги баҳолар билан тўғридан-тўғри боғланиш йўқ. Бойлар ҳам йиғлайди, машҳур кишилар ҳам ўзини ёлғиз ҳис қилиши мумкин.
Баҳо – бу боланинг мактабда ўрганилаётган қайсидир мавзуни қандай ўзлаштирганлиги. Фақат шу холос. Унга қўшимча ўлчовларни бириктириш керак эмас.
Баҳо – иқтидор кўрсаткичи ҳисобланмайди. Болада қобилият бўлиши мумкин, лекин хоҳиш-истак бўлмаслиги мумкин.
Баҳо – келажакдаги муваффақиятларнинг кафолати бўла олмайди. Ижтимоий ёки ҳиссиётга хос заковат мактабда баҳоланмаслиги мумкин, бироқ кишига муайян касбда ўз ўрнини топиши учун ёрдам бера олади.
Баҳо бола ўзининг ривожланиш даражасида қанчалик илгарилаганлигининг кўрсаткичи ҳисобланмайди. Болани баҳолашда унинг эришган натижаси маълум бир меъёр билан таққосланади. Боланинг бундан аввалроқ эришган натижаларига қараб хулоса қилинмайди.
Баҳо боланинг нақадар масъулиятли эканлигининг кўрсаткичи ҳисобланмайди. Бола ўзи учун қизиқарли бўлган қайсидир бошқа соҳада ўта масъулиятли бўлиши мумкин.
Ўқув жараёнидаги ёмон баҳолар – бу “даҳшатнинг ўзгинаси, бола дангаса ва зеҳни паст, масъулиятсиз, ҳеч қачон яхшироқ ишга жойлаша олмаслиги”ни англатмайди. Ёмон баҳо – бу қайсидир сабабга кўра, боланинг мактаб талабларини бажара олмаётганлиги ёки бажаришни истамаётганлигидир. Фақат шу.
Кундаликдаги баҳоларга қараб боланинг шахсияти ҳақида хулоса чиқариш керак эмас!