Кутубхона

Фарзандларини кўришни истамайдиган оталар

Турмуш ўртоғим билан бир-биримизга кўнгил бериб бир ёстиққа бош қўйгандик. Афсус, унинг хиёнатлари оқибатида оиламизга дарз кетди. Эримнинг қадам олиши ўзгариб қолганини билганимдан кейин аввалига пойладим, гумонларим тасдиғини топгач, уйдан жанжал аримай қолди. Охири, ажримга ариза бердим. Мана, энди бир ўғил, бир қизимни отасиз ўстираяпман. Тўғри, болаларимнинг отаси моддий томондан яхшигина ёрдам кўрсатади. Бироқ пул меҳрнинг, эътиборнинг ўрнини босмас экан. Нега бу одам шунақа? Нима учун ўз зурриётлари билан на телефонда гаплашади, на кўришади. Иккинчи оиласи билан фарзандли бўлса, болаларимизни батамом унутади, шекилли...

Замира, Косон тумани

Ҳақиқатда, нега айрим эркаклар оиласи билан ажрашгач, фарзандларини унутишади? Бунга нима сабаб бўлиши мумкин? Аёллар ота-бола муносабатларини асраб қолиш учун нима қилиши керак? Руҳшунос Барно ИЛҲОМОВА билан мавзуни таҳлил қиламиз.

Эркаклар нега бундай йўл тутади?

Турмушидан ажрашган ҳар бир аёлни бу савол ўйлантириш табиий. Фақат кўпинча сабабларни аниқламасдан, оқибатни рўкач қилиб, мавжуд вазиятни янада чигаллаштиришади. Келинг, аввало, нега айрим оталар боласи билан учрашишдан қочишига аниқлик киритиб оламиз. Шунда муаммонинг ечимини топиш осонроқ кўчади.

Оиласидан ажрашган аксарият эркаклар аёлидан қаттиқ кўнгли қолганлиги сабаб у билан юзма-юз келтирувчи барча ҳолатларни четлаб ўтишади. Гарчи, ўзлари хато қилишган бўлса ҳам, айбини элга ошкор қилиб ҳам тинчимаган хотини билан қайта кўришишни исташмайди.

Болаларни кўрмаслик орқали аёлини жазолашни мақсад қилишади. Бу ҳаракат негизида «Єани, менсиз нимани қойиллатар экансан», деган таъна ётади. Шунинг учун, ҳатто, алимент тўлаш каби қонуний мажбуриятларини ҳам адо этмасликлари мумкин.

Ажримнинг илк босқичида хотини болаларни кўрсатмаслик орқали уни жазоламоқчи бўлгани учун кейинчалик «Онасининг ўзи шуни истаганди», дея масъулиятни бўйнидан соқит қилишади.

Эркаклар аёллардан тубдан фарқ қилади, улар ўзларини бола учун қурбон қилишмайди. Аёл киши «Фарзандларим отасиз қолмасин», дея эрининг ҳар қандай қилиғига чидаши мумкин. Аммо бу қарама-қарши жинс вакилларига ётроқ сифат.

Эркакларни ҳис-туйғу бошқармайди. Улар ҳамма нарсани мантиқан ўйлашади. «Ажрашдим, мана, пулга зор қилмаяпман, ҳар ой фалон сўм бераяпман, кам-кўстсиз катта бўлишаяпти, яна нима керак?» дея фикрлаш эҳтимоли ҳам мавжуд. Чунки улар оиласини, болаларини моддий таъминлашни асосий вазифа санашади

Ҳис-туйғу бошқармайди дегани, эркаклар тошбағир, меҳрсиз дегани эмас. Айрим кучли жинс вакилларида ички қўрқув ҳам бор. Яъни «Бугун болаларим билан кўришсам, эртага улар менга, мен уларга қаттиқ боғланиб қолсак, кейин нима бўлади? Энди бу оилани тиклаб бўлмайди-ку», деган ўй туфайли ҳам фарзандлари томон қадам ташлашмайди. Кўз-кўзга тушмаса, ўзи ҳам, болалари ҳам азобланмайдигандек туюлади.

Иккинчи рафиқасининг қатъий талаби остида биринчи оиласидан узоқроқ юришни маъқул кўришади.

Фарзандларининг саволларидан қочишади. «Нега биз бирга яшамаймиз?» деган сўроқлардан кўришмаслик йўли билан ҳимояланишади.

Аёллар қаерда хато қилишади?

Аёлларнинг ўзига хос бир жиҳати борки, улар болаларни қурол қилиб, вазиятни ўз томонига оғдириб олишни кўзлашади. Ажрашганлар эса фарзандларидан икки мақсадда фойдаланишади: ё эрини жазолаш, ёки у билан алоқаларни қайта тиклаш йўлида. Бу — ХАТО!

Мақсадингизни аниқлаб олинг. Ич-ичингиздан нега бу ҳолатдан хафа бўлаяпсиз? Унинг фарзандларига бўлган бепарво муносабати сизни таҳқирлаяптими ёки отасини соғинган болаларни ўйлаяпсизми? Нима учун собиқ эрингиз болаларингиз билан кўришишини истаяпсиз?

Эрингизни болалар орқали жазоламанг! Болалар ҳолидан хабар олиб, қўнғироқ қилса, эшигингизни тақиллатса, алам устида унинг истагини қатъий рад қилманг. Чунки сиз эрингиз билан ажрашдингиз. Аммо собиқ турмуш ўртоғингиз то қиёматгача болаларингизнинг отасилигича қолади. Фарзандларингиз томирида шу инсоннинг қони жўш ураяпти. У ёмон бўлсин, золим бўлсин, болаларингизнинг отаси! Бугун дилбандларининг дийдорини истаётган отанинг кўксидан итарсангиз, бора-бора у зурриётларидан умуман хабар олмай қўяди. Эртага ота ҳам, фарзандларингиз ҳам этни тирноқдан ажратганингиз учун сизни айблайди.

Турмуш ўртоғингизни кечиринг. Ҳатто, унинг айби билан оилангиз барбод бўлган бўлса-да.Ўтган кунларни, собиқ эрингизнинг айбларини эсламанг, айниқса, болаларингизга эслатманг. Уни кечирсангиз ва барча ҳисларингизни юрагингиздан қўйиб юборсангиз, ҳам яшашингиз осон бўлади, ҳам хотираларингиз ота-бола муносабатларига соя солмайди.

Болаларни ҳам, собиқ эрингизни ҳам мажбурламанг! Ҳаммасини вақтнинг ҳукмига қўйиб беринг. Юқорида санаб ўтилган қайсидир сабаб туфайли у болаларидан ўзини олиб қочаяпти, демак, муаммоси бор. Бундай вазиятда болаларга отасига қўнғироқ қилдириб ёки уларни уйига жўнатиб, фақат зарар қиласиз. Биринчидан, отасининг совуқ муомаласидан фарзандларингиз дили яраланади, иккинчидан, отаси улардан янада узоқлашади. Яхшиси, мақсадингиз болалар отасининг эътибори, меҳрини ҳис қилиб ўсишларини исташ бўлса, собиқ эрингиз билан юзма-юз гаплашиб олинг. «Биз эр-хотин сифатида бир-биримизга тўғри келмадик, тоқат қилолмадик. Келинг, фарзандларимиз бунинг жабрини тортишмасин. Уларнинг ҳаётида сиз ота, мен она бўлиб қолайлик», денг. Нима учун улар билан учрашишни хоҳламаётгани билан қизиқинг. Уруш-жанжалсиз муаммомага ойдинлик киритиб олишга ҳаракат қилинг.

Болаларнинг руҳини синдирманг!

Кўриб турганингиздек, ҳар иккала томоннинг ҳам ўз ҳақиқатлари бор. Аммо ҳаётнинг энг катта ҳақиқатини унутманг, бу, дунё — қайтар дунё! Бугун болалари аҳволи не кечаётганига қизиқмаётган ота, эртага бир замонлар юз ўгирган болангиз сизга суянчиқ бўлишини унутманг.

Эридан ёзғираётган она, «Отангга керакмассизлар. У сизларни ташлаб кетган», деган сўзларингиз ўз натижасини кўрсатмай қолмайди. Отасига нисбатан нафрат ҳисси билан ўсган инсон –болангиздан кутган орзу-умидларингизни амалга ошириши даргумон.

Сабрни, қаноатни, оила муқаддаслигини, бегуноҳ фарзандларнинг уволи борлигини унутиб, бир-бирига аламини болалар орқали сочаётган эр-хотинлар, ўртада сарсон фарзандларингизнинг руҳини синдириб, кўнглини чўктириб, қаддини букиб, нимага эришасизлар? Єизингиз «Отамки, менга меҳр кўрсатмади, бегоналар нима қилсин?» деган ўй билан келажакда бахт топармикан? Ўғлингиз «Отам мендан юз ўгирган, мен ҳеч ким эмасканман», деган фикр билан улғайиб, жамиятда, ҳаётда ўз ўрнига эга бўлармикан? Тилингизга кўчганини айтиш, бирор қадам ташлаш олдидан шу ҳақда ўйлаб кўринг. Оилангизни асрай олмабсиз, ҳеч бўлмаганда, болаларнинг «мени»ни асранг! Эр-хотин бир-бирингизни эъзозламабсиз, фарзандларингизнинг шахсини ҳурмат қилинг! Бир никоҳда яшаб, бахт кўрмабсиз, тортган азобларингизни дилбандингизга ҳам раво кўрманг! Оилангизни ким, нима сабабга кўра пароканда бўлганидан қатъи назар ота-оналик бурчингизни адо этинг!

МУХЛИСА

Манба: «Sug'diyona» газетаси