Биласизми?

Facebook: «1,000 та like, акс ҳолда уни ерга ташлайман!»

Facebook ижтимоий тармоғининг фойдаланувчиларидан бири бўлган жазоирлик шахс фарзандини 15-қаватда жойлашган уйидаги айвон деразасидан ташқарига чиқариб суратга олгани ва уни пастга улоқтирмаслик учун «дўст»ларидан 1000 та «like» сўрагани катта шов-шувларга сабаб бўлди.

Аль-Арабиянинг хабар тарқатишича, 15-қават деразасидан ташқарида осиғлик ҳолатда суратга олинган болакайнинг Facebook’даги сурати остига «1,000 та like, акс ҳолда уни ерга ташлайман», деган изоҳ қолдирилган.

Бу ноинсоний хатти-ҳаракат қисқа фурсат ичида мамлакат полициясининг ҳам диққатини тортиб, шафқатсиз ота қўлга олинган. Айни пайтда бола ҳуқуқларини поймол қилиш ва фарзандининг ҳаётини хавф остига қолдиришда айбланаётган жиноятчи 2 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Номи ошкор қилинмаган ота суратлар панжара билан ҳимояланган айвонда олингани, бу шунчаки ўйин учун қилинганини айтиб, суддан шафқат қилишини ўтиниб сўраган. Аммо, судья унинг иддаоларини инобатга олмади ва бемаъни қилмиши учун «like»боз отани қамади.

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларга қарамлик руҳий касалликка тенглаштирилган. Юқоридаги каби ҳолатлар маънавияти паст инсонлар тармоқларда нақадар тубанлашиб бораётганликларини исботлаб турибди.