Бўлажак оналар ҳар доим қандай озиқ-овқатлар истеъмол қилаётгани тўғрисида ўйлаши керак, чунки аёллар ҳомиладорлик даврида озиқ-овқатларнинг нафақат таъмини, балки унинг болага етказиши мумкин бўлган фойдаси ва зарарини ҳам ҳисобга олишига тўғри келади. Кўпчилик аёлларда «Ҳомиладор аёллар учун қандай озиқ-овқатлар энг фойдали?» деган савол пайдо бўлади.
Сизга ҳомиладорлик даврида озиқ-овқатлар танлашни бироз бўлса-да енгиллаштириш мақсадида биз бўлажак оналар учун энг фойдали бўлган озиқ-овқатлар рўйхатини туздик.
Сабзавот ва мевалар
Сабзи: ҳомиладорлик пайтида энг фойдали сабзавот. Сабзи меъда-ичак йўллари фаолиятини яхшилайди. Унинг таркибида катта миқдорда каротин, Е, C витаминлари, B, К ва PP гуруҳига мансуб витаминлар мавжуд. Бу фойдали моддалар боланинг аъзолари шаклланишига ёрдам беради. Бу сабзавот меъда яраси, меъда ости бези муаммолари ва меъда-ичак йўллари яллиғланишлари бўлган аёлларга тавсия қилинмайди.
Ширин булғор қалампири: шифобахш хусусиятларга эга, шиллиқ қаватлар ҳолатини яхшилашга ёрдам беради ва томирларни мустаҳкамлайди. Қалампир таркибидаги фойдали моддалар ҳомиладор аёлнинг суякларини мустаҳкамлайди ва боланинг суяклари шаклланишига ёрдам беради. Бу сабзавот таркибидаги C, E, PP ва P витаминлари тери ҳолатини яхшилайди. Эфир ёғлари, оқсил ва бета-каротин эса иммунитетни оширади.
Исмалоқ: бу сабзавот ҳомиладор аёлларда бола тушиш хавфини камайтиришда, ҳомиладорлик токсикозида ва камқонликнинг олдини олишда ёрдам берувчи фоли кислотаси (А, B9 ва E витаминлари)га жуда бой.
Помидор: жуда тўйимли ва калорияси паст бўлган бу сабзавот таркибида ҳужайраларни эркин радикаллардан ҳимоя қилишда ёрдам берувчи ва ноёб ҳисобланувчи ликопин моддаси мавжуд.
Банан: бу мева таркибида крахмаллар сони кўплиги ва калорияси баланд бўлишига қарамасдан шифокорлар ундан воз кечишни тавсия қилишмайди. Банан таркибида ҳомила учун энг фойдали элементлар мавжуд, булар — рух ва калий.
Олма: бу мева меъда-ичак йўллари фаолиятини яхшилашга ёрдам беради, меъда суюқлиги ажралишини кўпайтиради, кўнгил айнишини йўқотади. Олмада ҳомила ривожланишига ёрдам берувчи кўплаб темир, марганец, магний, фосфор ва калий моддалари бор.
Ёрмалар
Сули: ундаги кўп миқдорда витаминлар ва минераллар ҳомиладорликнинг яхши ўтишини таъминлайди. Мураккаб углеводлар модда алмашишини тезлаштиради.
Жигарранг гуруч: гуручнинг бу тури организмда оқ гуручга қараганда узоқроқ ҳазм бўлади, шунинг учун ҳомиладорлар узоқ вақтгача тўқлик ҳиссини сақлаб қолишади.
Оқсилли озиқ-овқат маҳсулотлари
Табиий йогурт: унинг таркибида суяклар ва мушаклар, шунингдек бошқа муҳим аъзолар шаклланиши учун зарур бўлган катта миқдорда кальций ва оқсиллар мавжуд. Йогуртдаги фойдали бактериялар меъда-ичак йўллари фаолиятини яхшилайди ва фойдали моддаларнинг ҳомилага етиб боришини тезлаштиради.
Қаттиқ ва зарарсизлантирилган пишлоқ: кўплаб оқсиллар ва протеинлардан ташкил топган бўлса ҳам бундай пишлоқларнинг калорияси пастдир.
Денгиз балиғи: бундай балиқларнинг лосось, сардина, скумбрия, анчоус, форель, сельд каби турларида боланинг бош мияси ривожланиши учун зарур бўлган ёғли Omega-3 кислота, оқсил ва фосфор жуда кўп.
Тухум: таркибида калорияси паст бўлган катта миқдорда протеинлар, боланинг юрак-томир тизими ривожланишига ёрдам берувчи B гуруҳ витаминига мансуб рух ва селен моддалари мавжуд.
Гўшт (мол гўшти, курка гўшти, товуқ тўши): улар таркибида кўплаб темир, фойдали ҳайвон протеинлари, рух, B гуруҳ витаминлари бор.
Манба: Daryo.uz