Ҳомиладорлик

Ҳомиладор аёллар учун тавсиялар

  • Сиз айни пайтда жуда муҳим даврни бошдан кечираяпсиз. Нарса ва ҳодисаларни муҳим ва номуҳимга ажратинг. Ўзингизга эътиборли бўлиб, атрофдаги баъзи ҳодисларга кўз юминг.
  • Мусиқа тинглаб, бироз тоза ҳавода сайр қилинг. Бу кун давомидаги муаммоларни унутишга, чарчоқни енгишга кўмак беради.
  • Кишига эстетик завқ бағишловчи, кайфиятни кўтарувчи фильмлар кўриш, суратларни томоша қилишнинг ҳам айни пайти. Ҳали чақалоғингиз туғилса, югур-югурларингиз кўпайиб, бу қизиқарли машғулотларга вақт топишингиз мушкул бўлади.
  • Туғилажак фарзандингиз келажакда дунёқариши кенг, ақлли инсон бўлишини истайсиз, тўғрими? Демак, ҳаракатни ҳозирдан бошланг. Бадиий китоблар мутолаа қилинг. Асарлар мавзуси ва мазмунига эътиборли бўлсангиз, бас.
  • Юрагингиз остидаги улғаяётган дилбандингиз билан суҳбатлашинг. Унга бахтли ҳаётни тасвирланг. Дунёга келишини кимлар интизор кутаётганини айтинг. Келажакдаги орзуларингиз билан ўртоқлашинг.
  • Атрофдагиларни яхши кўришга ҳаракат қилинг! Ҳомиладорман, мени тушунишмаяпти, деб ортиқча инжиқлик қилманг. Ахир болажонингиз инжиқ ва қайсар туғилишини истамассиз?! Тўғрими?
  • Ким биландир тортишиб қолдингизми? Асабийлаша бошладингизми? Тўхтанг! Кулиб, бирор нимани баҳона қилинг-да, хонани тарк этинг. Чуқур-чуқур нафас олинг. Болажонингизнинг дунёга келиши, унинг жажжи қўлчаларини хаёлингизда гавдалантиринг. Шунда барча муаммоларни унутасиз.

Манба: Darakchi.uz