Ҳомиладорлик

Ҳомиладорлик даврида юзга доғ тушишининг сабаби нима?

Асосий сабаб бу ҳомиладор аёлнинг организмидаги гормонал ўзгаришлардир. Гормонлар таъсири остида терида меланин моддаси кўпайиб доғлар пайдо бўлади.

Шунинг учун доғлар нафақат ҳомиладорлик пайтида балки организмда гормонал ўзгаришлар юз берганда ҳам тушади, масалан гормонал контрасептивлардан фойдаланиш, аборт, ҳайз келиш даврининг бузилиши ва ҳоказо. Бундай доғлар мелазма деб аталади. Одатда, мелазмалар ҳомиладорликдан сўнг, биринчи ҳайз келиши билан организмнинг гормонал ҳолати тўғирланганда йўқолиб кетади. Лекин гормонал ҳолат яхшиланиб доғлар йўқолмаса, демак, бу хлоазма доғи пайдо бўлганидан далолат беради.

Доғ тушиш эҳтимоли қуйидаги ҳолатларда ошади:

- наслий мойиллик; - аёл терисининг ранги тўқлиги; - терида яллиғланишнинг мавжудлиги; - ошқозон-ичак касаликларининг мавжудлиги.

Қуёшдан эҳтиёт бўлинг!

Терига доғ тушурувчи меланин моддаси қуёш нурлари остида янада кўпайиш имконияти катта. Шунинг учун одатда доғ баҳор-ёз фаслида куз-қиш фаслига нисбатан кўпроқ тушади.

Шунинг учун:

  • Баҳор-ёз фаслларида ҳомиладор аёл, албатта, қуёш нурларига қарши кремдан фойдаланиши зарур;
  • Кремнинг қуёшдан сақлаш кучи камида СПФ35 га тенг бўлиши ва ултрабинафша нурларидан сақлай олиши лозим (крем идишида ёзилган бўлади);
  • Агар қуёш нурлари остида узоқ вақт бўлиш керак бўлса, кремни бир неча бор қайта суриб туриш лозим;
  • Айрим моддалар теридаги меланин моддасини кучайтириш имкониятига эга. Масалан, денгиз бўйида апельсин еганингизда у терингизга сачраса, ўша жойларга доғ тушиб қолиши мумкин.

Агар терингизга доғ тушганини сезсангиз, у билан курашишга шошилманг. Вақт ўтиб ўзи кетиб қолиш эҳтимоли катта.

Доғларни косметологик услублар билан кетказиш йўллари қуйидагилардан иборат:

  • Юзни оқартирадиган кремлар. Бундай кремлар таркибида меланин моддасини йўқ қилувчи моддалар мавжуд. Терингизга мос бўлган кремни топиб, ишлатиб юринг, доғлар анча билинмай қолади.
  • ЭЛОС процедураси - бунда терига чироқ ёки электрик таъсир қилинади ва доғлар билинмай кетади.
  • Лазер - теридаги меланин моддасини ишлаб чиқарувчи меланоцидларни кўпайишини йўқ қилади, доғлар камайиб йўқ бўлиб кетади.

Терини оқартириш учун табиий ниқоблардан ҳам фойдаланса бўлади:

Бодрингли ниқоб: бодрингни қирғичдан чиқариб, озгина сметана қўшилади ва 1 чой қошиқ лимон шарбати билан аралаштирилади. Терининг доғ тушган жойларига 15 дақиқага қўйилади. Бундай ниқобни ҳафтада 1-2 мартагача қилса бўлади.

Грейпфрут шарбати: грейпфрут шарбатини сиқиб, юз терисига тампонда сурилади. Йигирма дақиқадан сўнг ювиб ташланади.

Петрушка шарбати: доғ тушган жойларни петрушка шарбати билан кунига 3 маҳал артилади.

Манба: Uzbaby.uz