Ҳомиладорлик

Ҳомиладорлик тақвими: 12-ҳафта

Ҳомиладорликнинг 12-ҳафтасини шифокорлар бекорга боланинг биринчи юбилейи деб атамайди. Ўзингизни табриклашингиз мумкин: йўлнинг учдан бир қисми ўтиб бўлинди, биринчи хавотирли уч ойлик ортда қолди. Ҳомила тушиши хавфи анча камайган, демак, сирингизни қариндошлар, дўстлар ва бошлиғингиз билан ҳам бўлишишингиз мумкин.

Бу муддатда аёл рўйхатга кириб бўлган, энди у 3—4 ҳафтада бир марта шифокор ҳузурида бўлади. Ҳомиладорнинг аҳволи яхшиланади, бола эса фаоллик билан ўсишда давом этади.

12-ҳафтада нималар содир бўлади?

Эрталабки кўнгил айниши аста-секинлик билан сизни тарк этади, баъзилар 12-ҳафтада токсикозни бутунлай унутиб ҳам юбориши мумкин. Овқат, ва ниҳоят, сизга ҳузур бағишлай бошлайди. Тез-тез бовул қилишлар ҳам сизга азоб бермай қўяди. Ичак перистальтикаси (ичакларнинг тўлқинсимон керилиш ёки сиқилиш ҳаракатлари) ўз фаоллигини сусайтиради, демак, қабзият юзага келиш эҳтимоли юқори.

Аёл юрак уриши тезлашганини сезиши мумкин, бу қон айланишининг тезлашиши билан боғлиқ. Бачадон эса энига 10 сантиметрга кенгайган, кичик тос суяги унга торлик қилиб қолган, шу туфайли у қорин бўшлиғига кўтарилади.

Юрак, ўпка ва буйракка тушадиган оғирлик кўпаяди, шу туфайли қаттиқ чарчаш, меъёридан ортиқ ейиш каби режим бузилишларини истисно қилиш керак.

12-ҳафтада ҳомила билан боғлиқ ўзгаришлар

Ҳомила тобора одамга ўхшаб бормоқда, аммо унинг боши ҳамон танасига нисбатан каттароқ. Қўл-оёқлари ҳали жуда кичик бўлса-да, шаклланиб бўлган. 12-ҳафтада ҳомиланинг узунлиги 7—10 сантиметрни, оғирлиги 15—20 граммни ташкил этади.

Боланинг ички органлари аллақачон шаклланган, демак инфекциялар ҳам, дорилар таъсири ҳам у учун унчалик қўрқинчли эмас. Унинг қовоқлари, солинчаклари пайдо бўлган. Жажжи бармоқларида эса тирноқчалар ҳам бор.

Бола лабини буриштиришни, қўлларини мушт қилиб сиқишни, юзини бужмайтиришни, оғзини очиб-ёпишни билади. У бовул қилишни ўрганди, шунингдек, ўзини ўраб турган суюқликни юта олади. Мияси иккита ярим шарга ажралган.

Кайфият жуда ўзгарувчан тус олади

Бу даврда кутилмаган безовталик хуружлари ёки кайфиятнинг тўсатдан кўтарилиб кетиши нормал ҳолат ҳисобланади. Ўша-ўша гормонлар ушбу соҳани назорат қилишда давом этади, шу туфайли ҳис-туйғуларнинг кескин ўзгариши кунига бир неча мартадан кузатилиши мумкин.

Шифокорнинг рухсати билан ҳомиладорлар учун гимнастика билан шуғулланиш мумкин, бу организмингиз учун ҳам, руҳиятингиз учун ҳам фойдали бўлади.

Овқатланиш қоидалари

Овқатланиш рационингиз бу даврда хилма-хил бўлиши керак: эътиборни мева ва сабзавотларга қаратинг. Организм ҳозир клетчаткага ҳар қачонгидан кўра кўпроқ эҳтиёж сезади.

Кунига икки литргача сув ичинг. Ширин газли ичимлик ва қутидаги шарбатларни сотиб олманг, фаст-фуддан ҳам узоқ юринг.

Овқатланиш вақтини ўтказиб юборманг, кеч бўлганда тўйиб еманг, акс ҳолда қоринда оғирлик пайдо бўлиб, тинч ухлай олмайсиз.

Ультратовушли текширув

Бу даврда ультратовушли текширувдан ўтасиз. Бу жараёнда шифокор бачадон ҳолатини, унинг тонусини ўрганади, йўлдошнинг жойлашувини аниқлайди, дастлабки туғруқ санасини белгилай олади. Биринчи УТТ давомида ҳомиланинг катталиги, унинг ривожланиш динамикаси баҳоланади.

Шунингдек, шифокор жуда муҳим ахборотни олади: ривожланишнинг эҳтимолий патологиялари ёки хромосома аномалиялари хавфини ўрганади. Бу УТТни ўтказиб юбориш мумкин эмас — у орқали кўп нарсадан хабардор бўлинади.

Ҳомиладорликнинг 12-ҳафтасидаги ҳиссиётлар

Қорнингиз пайдо бўлганини атрофдагилар ҳали сезмаса-да, ўзингиз кўзгуга қараб туриб ўзгаришларни пайқашингиз мумкин.

Кўкрак янада тўлишади ва катталашади, натижада тери қичиша бошлаши мумкин. Сийнабандингизни ўзгартириш вақти ҳам келди. Бунда матонинг сифатига эътибор беринг, у максимал даражада табиий бўлиши, пахта толаларидан тўқилган бўлиши ва баданга текканида ёқимсиз туйғу бермаслиги керак.