Ҳомиладорлик

Ҳомиладорлик тақвими: 23-ҳафта

Ажойиб иккинчи уч ойлик давом этмоқда. Кўплаб оналар сочлари қалинлашгани, терисидан эса нур ёғилаётганини қайд этади. Бу ерда раҳматни гормонларга айтиш керак, кўриб турганингиздек, улар фақат токсикозгагина сабаб бўлмайди.

Нима еяётганингизга эътиборли бўлинг. Қабзият ва жиғилдон қайнашини келтириб чиқарадиган егуликлар ҳозир сиз учун тақиқланган. Оёқларингизда оғирлик ҳисси пайдо бўлиши мумкин. Ўзингизни чарчатманг ва қулай оёқ кийим кийинг.

23-ҳафтада нималар содир бўлади?

Бу даврда аёллар асосан ўзини яхши ҳис қилади, аммо баъзи ноқулайликлар кузатилиши мумкин. Чунончи, думғаза ёки кўкрак соҳасида оғриқлар юзага келиши мумкин, агар улар кучсиз бўлса, хавотирга ўрин йўқ. Лекин агар улар сизга азоб бераётган бўлса, буни албатта шифокорга айтиш керак.

Оёқлардаги оғирлик пайлар чўзилиши билан боғлиқдир. Ортопедик патакли пойабзални танланг, оёқларингизга дам беринг, узоқ вақт юрманг ва тик турманг.

Баъзи аёллар учун 23-ҳафта — варикознинг бошланиши. Бунга вена қон томирлари деворининг бўшашиши сабабчидир. Варикозни ўз вақтида пайқаб, эҳтимолий асоратларни камайтириш мумкин.

23-ҳафтада ҳомиланинг ривожланиши

Ушбу муддатда кўпчилик оналар боланинг нафақат қимирлаганини сезади, балки унинг тирсак ва товонларини аниқ-тиниқ ҳис қилади. Ушбу даврда баъзан қимирлашлар шунчалик кучаядики, улар бўлажак онага баъзи ноқулайликларни туғдириши мумкин. Боланинг оғирлиги 450 граммга, бўйи 20 сантиметрга етади. Ҳажмига кўра, у бақлажонни эслатади.

Тадқиқотлар 23-ҳафтада бола тушлар кўра бошлашини исботлайди. Унинг ҳаракатлари анча аниқ бўлиб қолди, у атрофдаги олам билан қизиқади — киндикни силтаб тортади, ўзини сийпаб кўради.

Ҳозирча бола жуда озғин, у қарияга ўхшайди. Кўзлари очилган, у ёруғлик ва қоронғиликни ажрата олади. Ҳомила кескин товушлар, шовқиндан қўрқади, унга онанинг майин овози ва алласи ёқади.

Фойдали озиқ-овқатларни танланг

Қабзият, жиғилдон қайнаши, геморрой — ушбу даврда кўп кузатилиши мумкин. Бундай ҳолатларга олиб келиши мумкин бўлган нарсаларни истеъмол қилманг. Қовурилган, аччиқ, дудланган ва ширали таомлардан нари юринг. Ортиқча вазндан огоҳ бўлинг, ҳомиладорликнинг 23-ҳафтасида 6,5 килограммгача семириш нормал ҳисобланади. Ортиқча вазн баъзи касалликларни келтириб чиқариши мумкин, ҳомиладорликнинг ўзи ҳам анча қийинроқ кечиши мумкин.

Бошоқли ўсимликлар, буғдой нон, мол гўшти, қайнатилган балиқдан эса воз кечиш керак эмас. Жуда ширали ичимликларни ичманг, фастфуддан воз кечинг.

23-ҳафтада ультратовушли текширув

Ушбу муддатда умумий қон ва сийдик таҳлиллари олиниши мумкин. Агар ҳали иккинчи ультратовушли текширувдан ўтмаган бўлсангиз, у айнан ҳозир ўтказилади.

Йўлдош, ҳомилани ўраб турган сув, ҳомила ривожланишидаги нуқсонлар бор-йўқлигини аниқлаш билан бирга, боланинг жинсини ҳам билиш мумкин. Ҳозир ҳомиладорлик муддатини унча аниқ бўлмаса-да, белгилаш мумкин, шу туфайли ушбу УТТни қолдириш керак эмас.

23-ҳафтадаги ҳиссиётлар

Ушбу даврда бўлажак онанинг териси ультрабинафша нурларга ўта таъсирчан бўлиб қолади, шу туфайли офтобда қорайиш кучли тарзда доғлар пайдо бўлишига олиб келиши мумкин. Кўкрак учлари қорайган, қорин остидаги чизиқча ҳам қора бўлиб қолган. Буларнинг барчаси нормал ҳисобланади.

Аёл соч ва тирноқлари жуда тез ўсаётганини пайқаши мумкин. Гормонлар сизга соч турмаги ва маникюрни яхшилаш имкониятини тақдим этди.

Фақат қулай бўлган кийим-кечак ва пойабзаллардан фойдаланинг, ўз ҳолатингизни чиройли буюмлар билан намоён қилинг.