Ҳомиладорлик

Ҳомиладорлик тақвими: 25-ҳафта

25-ҳафтадан сўнг ҳомила тушиши хавфи анча пасаяди, деб ҳисоблашади. Шундай экан, ушбу даврни бўлажак она учун психологик аҳамиятга эга дейиш мумкин. Муддатидан аввалги туғруқ ҳам болага яшаб кетиш имкониятини беради.

Аёл тезкорлик билан вазн тўпламоқда, у аллақачон 6—7 килограммга семирган, туғруққача сизга яна кўпи билан 5 килограмм йиғиш “рухсат берилади”. Ҳомила эса ушбу муддатда бачадонда бошини пастга қаратган ҳолда тўғри ҳолатни эгаллаган. Агар бундай бўлмаган тақдирда ҳам, у ҳали бунга улгуради.

25-ҳафтада нималар содир бўлади?

Ҳомиладорлик гуллаб-яшнаган давр давом этмоқда: баъзан дармонсизлансангиз-да, оёқ кийимингизни ўзингиз кия оляпсиз ва унчалик тез чарчаб қолмаяпсиз.

Ҳар ҳафта сиз 350 граммгача семирасиз, ушбу маррадан ошмасликка интилинг, ўз вазнингизни назорат қилинг. Тузни суиистеъмол қиладиган аёллар шишишга мойил бўлади. Бу шунчаки ёқимсиз ёки хунук ҳолат бўлиб қолмай, хавфли ҳамдир. У гестозни келтириб чиқариши мумкин.

Ҳомиладорликнинг 25-ҳафтасида қорин янада катталашади. Энди кўрик чоғида шифокор қорин айланасини ўлчайди, ҳомиланинг юрак уришини эшитиб кўради ва унинг бачадондаги ҳолатини аниқлаши мумкин бўлади.

25-ҳафтада ҳомиланинг ривожланиши

Ушбу муддатда боланинг бўйи 30 сантиметрга, оғирлиги 700 граммга етади. Энди унинг бўйидан кўра, вазни кўпроқ орта бошлайди. Сиз бола ҳиқичоқ тутаётганини сезишингиз мумкин. У ўзини ўраб турган суюқликни тез-тез ютиб туради, шунда у ошқозонни тўлдириб, диафрагмани қўзғатади. Боланинг ҳиқичоғидан хавотирга тушманг, бироқ у ҳақда шифокорга хабар беришни ҳам унутманг.

Ҳомиланинг ўпкалари шаклланиб бўлган, энди бу ерда шиддат билан сурфактант шаклланмоқда. Айнан ушбу модда туғруқдан кейин боланинг ўпкалари ёзилишини таъминлайди.

Боланинг қимирлашларини кеча-ю кундуз ҳис этасиз, сизларнинг уйқу ва дам олиш графикларингиз бир-бирига мос тушмаслиги мумкин.

Кўп-кўп дам олинг, ухланг ва ижобий ҳиссиётларга берилинг

Ўзингизни ишларга кўмиб ташламанг. Ушбу даврда кўплаб аёлларнинг хатоси шуки, улар ҳамма нарсага улгуришга интилади. Ўзингизни жуда яхши ҳис қилаётган бўлсангиз-да, гарданингизга зарур бўлганидан ортиқча масъулият олиш керак эмас. Сизнинг кўпроқ дам олишга, яхши уйқуга, ижобий ҳиссиётларга эҳтиёжингиз бор. Яқинларингизнинг ҳар қандай ёрдамини миннатдорлик билан қабул қилинг ва кўмак сўрашдан уялманг.

Ҳозир узоқ муддатли лойиҳаларни бошламанг — туғруқ таътили яқинлашмоқда, ўшанда сиз вақтингизни фақат оила билан ўтказиш, уй ишлари ва бошқа ёқимли ташвишлар билан шуғулланишни истаб қоласиз.

Овқатланиш: кўпроқ сув, камроқ туз

Ҳеч қандай янги қоидалар йўқ: сифатли, мувозанатлашган ҳолда ва бўлиб-бўлиб овқатланинг. Катта-катта порцияларда есангиз, жиғилдон қайнашидан қочиб қутулолмайсиз. Сув ичишни чекламанг, бироқ газланган ичимликлар ва қутиларда сотиладиган шарбатларга яқинлаша кўрманг. Туз истеъмолини ҳам кескин камайтиринг, акс ҳолда шишишлар сизни узоқ куттирмайди.

Одамга таомнинг янги мазасига кўникиш учун бир-икки ҳафта кифоя. Соғлиқ учун фойдали бўлган одат — тузни кам солиш ёки умуман солмасликка ўрганинг.

Ҳомиладорликнинг 25-ҳафтасидаги ҳиссиётлар

Ортиқча вазндан ташқари (аниқроғи, ҳозирча ортиқча бўлмаган вазн), ташқи қиёфангизда бошқа алоҳида ўзгаришлар кузатилмайди.

Ҳомиладорлик осудалик билан кечмоқда, ҳеч қандай ёқимсиз ҳиссиётлар йўқ, онанинг кайфияти кўпинча яхши. Ушбу муддатда муддатидан аввалги туғруқ хавфи деярли йўқолади. Шундай экан, асабийлашманг ва кўпроқ дам олинг!

Ҳозир сочларингиз ажойиб кўринишга эга эканлигига эътибор қаратинг, ҳомиладорлик гормонлари уларга гўзаллик ва мустаҳкамлик ато этди. Аммо уларни бўяш тавсия этилмайди, натижа ҳам мукаммал бўлишига кафолат йўқ. Гормонал қайта қурилиш ўз таъсирини ўтказмай қолмайди — якуний ранг қандай бўлиб чиқиши ҳақида олдиндан айтиб бўлмайди.