Ҳомиладорлик

Ҳомиладорлик тақвими: 35-ҳафта

Бола она қорнида етилмоқда, унинг барча органлари аллақачон ишламоқда. Тез орада у тос суяги соҳасига туша бошлайди, шунда онанинг нафас олиши, ниҳоят енгиллашади.

35-ҳафтада она тўлиқ “жанговар шайлик” ҳолатида бўлиши керак. Доим ўзингиз билан айирбошлаш картасини олиб юринг, телефонингиз қувват олган ва ҳисобида маблағ бўлсин. Тўғри, ҳали бироз эрта, аммо айтиб бўладими?

35-ҳафтада боланинг ўлчамлари

35-ҳафтадан бошлаб бола ҳафтасига 200—220 граммдан вазн йиғади, ҳозир эса унинг оғирлиги 2,4—2,6 кг, бўйи 46—47 см га етган. Болага ўз “уйи” тобора торлик қилиб бормоқда, у ҳаракатланиш учун аввалгидек эркинликка эга эмас. Унинг ҳозирги ўмбалоқ ошишлари кўпроқ думалашни эслатади.

Болакайнинг тирноқлари ўсган, 35-ҳафтада узлар шунчалик узунлашганки, бола қорнингиздаёқ ўзини билмасдан тирнаб олиши мумкин.

Бу даврда бадандаги туклар йўқолади, ёғ тўқималари кўпайишда давом этади. Энди ушбу тўқима энг кўп елка атрофида пайдо бўла бошлайди, натижада ҳомиланинг елкачалари жажжи болакайларга хос ёқимтой кўриниш олади.

Ушбу ҳафтада бола ўзи учун энг қулай ҳолатни ўзил-кесил танлаб олади ва ўзи туғиладиган вақтга қадар шу ҳолатда қолади. Кўпинча 35—36-ҳафтада болаларнинг кўпчилиги тўғри ўрнашади: бошини пастга қилиб, юзини онанинг белига қаратган ҳолда. Мия суяклари ҳали бирикмаган, улар туғруқ йўлларидан ўтишда бироз қийшайиши мумкин, бу туғруқ жараёнини анча осонлаштиради. Бошини пастга қилиб ётиш болангиз учун қулай ҳолат, бу даврда унинг ғўжанак бўлиб ётиб олиши ҳам нормал ҳолатдир.

Агар бола ағдарилиб олмаса ҳам, ташвишланманг, туғруқ жараёни нормал ҳолатда кечиши керак. Тажрибали акушерлар шундай бўлиши учун қўлидан келганча ҳаракат қилади.

35-ҳафтада қорин тош қотади

Муддат анча катта ва ушбу ҳафтада кўпчилик учун ноқулайлик ҳиссиётлари юзага келиши мумкин: аёлни вақти-вақти билан оёқдаги оғриқлар ёки қорин остидаги тортишишлар безовта қилади. Албатта, бола каттагина бўлиб қолган, у сиқилмоқда, она қорни доимий равишда таранг ҳолатда туради. Баъзи аёлларда қорин тош қотиши, оёқлар шишиши, чарчоқ ҳисси пайдо бўлиши мумкин.

Бироқ ушбу белгиларни енгиллаштириш ёки улардан бутунлай қутулиш ҳам мумкин. Бунинг учун камҳаракат ҳаёт тарзидан воз кечинг, деярли ҳар 10—20 дақиқада юриб туриш керак. Шунингдек, оёқ-қўлларда шиш пайдо бўлмаслиги учун кўп суюқлик ичиш керак эмас. Эрталаблари ва кун давомида ҳомиладорлар учун енгил жисмоний машқларни бажариш, шунингдек, тўғри ва кам-камдан овқатланиш ҳам катта фойда беради.

35-ҳафтадаги туғруқ

Бола етилиб бўлди, энди у дунёга келишини кутаётган оддий чақалоққа айланган. Ҳомиладорликнинг 35-ҳафтасидаги туғруқ нормал ҳолат ҳисобланмаса-да, саросимага ҳам тушиш керак эмас. Ҳозир асосийси — фурсатни ўтказиб юбормаслик. Агар тўсатдан белда даврийлик хусусиятига эга оғриқлар пайдо бўлса, ажралмалар келса ёки қорин тош қотганини сезсангиз, яхшиси, дарҳол бу ҳақда шифокорга хабар беринг. Ушбу муддатда туғруқ бошланиб қолса ҳам, барчаси яхши кечади.

Дадил ҳомиладорлик

35-ҳафта — максимал ижобий кайфият ва ишонч давридир. Агар бўлажак туғруқ жараёни ҳақида сизда қандайдир қўрқувлар пайдо бўлса, уларни тарқатиб юборинг. Кечқурун яхши филм кўринг, тинчлантирувчи мусиқа тингланг, ўзингиз ҳам куйлашни унутманг: болаларга онанинг қўшиқлари доим ёқади.