Ҳомиладорлик

Ҳомиладорлик тақвими: 36-ҳафта

Вақт сиз ва фарзандингиз учун ишламоқда. Шифокор қабулига одатдагидан кўра анча тез-тез бориб турибсиз, у йўлдош ҳолатини текширади. Сиз, оилангиз ва шифокорингиз кутиш онларини бошдан ўтказмоқдасиз.

Туғруқхонага олиб кетиладиган нарсалар тахт қилиб қўйилган, туғруққа тайёрланишда, адабиётларни ўқишда ва яқинда туққан оналар билан мулоқот қилишда давом этмоқдамиз.

36-ҳафтада боланинг ўлчамлари

Ҳомиладорлик нормал тарзда кечиб, қоғоноқ суви кам бўлмаса, ушбу муддатда боланинг оғирлиги ўз меъёрида бўлади.

Бўйи 46—48 см, оғирлиги 2,6—2,8 килограммга етиб қолган бола унчалик фаол бўлмай қолади: унинг ўмбалоқ ошиши учун жой йўқ, бачадон унга торлик қилмоқда. Бироқ уни албатта ҳис қиласиз.

Бола доимий равишда бармоғини сўраётгани туфайли, унинг ёноқлари лўппигина бўлиб қолади. Сўриш ҳаракати билан бирга, у ютиш ва нафас олиш ҳаракатларини ҳам амалга оширади.

Миттигина юракча тўлиқ шаклланган, асаб, иммун ва эндокрин тизимлари деярли тайёр, улар яна бироз “етилиши” керак. Ўзи учун зарур кислородни бола киндик орқали қабул қилишда давом этмоқда.

Она ўзини қандай ҳис қилмоқда?

36-ҳафтага келиб, вазнингиз 12 килограммга ортиши — оптимал ҳолат. Агар бундан сал ошиб кетган бўлса, хавотир олманг, туғруқдан сўнг ортиқча вазндан осонлик билан халос бўлишингиз мумкин. Бачадон киндикдан 14—15 см, қов симфизидан 36 см тепага кўтарилган.

Баъзан бола оёқчалари билан тўғри юрагингизнинг пастки қисмига ураётгандек бўлиб туюлади, бироқ бу узоқ давом этмайди. 36—37-ҳафта давомида боланинг боши тос суягингизга қараб тушади, натижада онанинг нафас олиш жараёни енгиллашади. Бироқ бош пастга тушмаслиги ҳам мумкин. Туғруқ биринчиси бўлмаса, она бола дунёга келгунига қадар қийинчилик билан нафас олиши мумкин.

Суяклар чўзилиши туфайли, тос суяги соҳасида оғриқ пайдо бўлади, бачадон органларга босим ўтказиши натижасида эса ҳожатга чиқиш ҳоллари кўпаяди. Бачадон бўйни  ушбу даврда юмшашни ва қисқаришни бошлайди, организм туғруққа тайёрланмоқда. Аммо баъзи болалар шошқалоқлик қилади ва муддатидан олдин дунёга келади: 36-ҳафтадаги туғруқ — кўп учрайдиган ҳолат.

36-ҳафтада қорин тош қотади

Ушбу муддатда ўз аҳволингизни диққат билан кузатиб, ўз организмингизга қулоқ солиш тавсия этилади. Агар белда оғриқлар пайдо бўлса, уларнинг қанчалиқ узоқ вақт давом этишига эътибор қаратинг. Қорин тортишиб оғриса, унинг даврийлиги ва давомийлигини қайд этинг. Бироқ агар ҳомиладорликнинг 36-ҳафтасида сиз буларнинг барчасини бир вақтда ҳис қилсангиз, яъни қорин тош қотгани, бел тортишаётгани, қорин зирқираб оғриётганини сезсангиз, ўз шифокорингизга қўнғироқ қилганингиз маъқул. Бу бачадон гипертонуси бўлиши мумкин, бу туғруққа ҳам оз қолди, демакдир.

36-ҳафтадаги туғруқ

Ҳомиладорликнинг 36-ҳафтаси туғруққа жуда кам қолгани ҳақида сигнал беради. Туғуруқхонада ва у ердан қайтиб келгандан сўнг ўзингиз ва туғилажак болангиз учун керак бўладиган буюмларнинг барчасини тайёрлаб қўйганингизга ишонч ҳосил қилинг.

Шифокорингиз ҳузурига ҳафтада бир марта бориб туринг ва у ёқ-бу ёққа камроқ чиқишга ҳаракат қилинг. Яхшиси уйда бўлинг, дам олинг, ахир муддатидан аввал туғруқ бошланса ва бу пайтда сиз йўлда бўлсангиз, шифокорингиз сизга ёрдам бериши амри маҳол.

Ўрнингиздан туриш қийинлашса

Баъзан эрталаблари ҳомиладор аёл тўшакдан тура олмай қийналади. Бу ҳозир, 36-ҳафтада қийинлашади. Агар сизда бундай муаммо пайдо бўлса, кескин ҳаракатлардан тийилинг. Аввал ён томонингиз билан ётиб, сўнг оёқларингизни пастга туширинг ва шундан кейингина ўрнингиздан туринг.