Ультратовушли текширув (УТТ) орқали бола жинсини аниқлаш кўплаб бўлажак ота-оналар учун текширувнинг энг кутилган босқичидир. Шифокор учун ҳам туғилажак боланинг жинсини билиш муҳим.
Баъзи ота-оналар жинсни аниқлашдаги эҳтимолий хатолар билан қизиқади, улар ҳақиқатан ҳам кузатилиши мумкин. УТТ ҳомилани батафсил кўриб чиқиш имконини беради, бироқ ҳатто УТТ ҳам жинсий органларнинг тасвирини аниқ-равшан кўрсатмайди. Замонавий ускуналар ва 3—4 d форматидаги УТТ имкониятлари адашиш даражасини анча камайтирди.
Айни пайтда бола жинсини УТТ бўйича 12 ҳафталикдаёқ тахминан айтиш мумкин, аммо шифокор жинсни анча аниқ қилиб 20—22 ҳафталикда текшириб бера олади. Ушбу муддатга келиб, тасвир анча тиниқроқ акс этади, барча органларни яхшилаб кўриш мумкин, қоғоноқ суви ҳам 3—4 d тасвирлар учун етарлича бўлади.
Хўш, шифокор нимага қарайди? Ўғил болаларни, шубҳасиз, жинсий олат ва мояк халтачаси, қиз болаларни эса жинсий лаблар тасвири орқали аниқлашади. Чот соҳаси турли кесимлар билан кўриб чиқилиши керак. 3—4 d форматида УТТ билан жинсни текшириш юзаки реконструкция режимини ҳисобга олади. Эркак жинсини аниқлашда кузатиладиган хатолар чот соҳасида киндик илмоқлари ёки бармоқлар борлиги туфайли келиб чиқиши мумкин. Жинсни тўғри аниқлашни жинсий лабларнинг шишганлиги ҳам қийинлаштириши мумкин. Туғилажак чақалоқнинг бачадондаги ноқулай жойлашуви ҳам жинсий органларни яхшилаб кўришга йўл қўймайди.
Статистикага кўра, УТТ орқали текширилганда бола жинсининг тўғрилиги ҳомиладорликнинг турли муддатларида қуйидагича аниқликда бўлади:
11-ҳафтада — 46—91,7%
12-ҳафтада — 53,8—100%
13-ҳафтада — 57,8—100%
14-ҳафтада — 80—94%
Ҳомиладорлик муддати қанчалик катта бўлса, қандай жинсдаги фарзанд кутаётганлигингизни билиш эҳтимоли шунчаки юқори бўлади.
Боланинг органлари ҳали яхши ривожланмаган бўлса, жинс УТТ орқали қандай аниқланади? Ҳомиладорликнинг 11—14-ҳафтасида шифокор нафақат айнан жинсий органларга қарайди, балки жинсий бўртмача ва умуртқанинг бел-думғаза қисми орқали ўтадиган горизонтал чизиқ орасидаги бурчакни ҳам баҳолайди. Агар бурчак 30 градусдан ортиқ бўлса, жинс эркак, 30 градусдан кичик бўлса, аёл бўлади.
Таъкидлаш жоиз, боланинг жинсини нафақат ота-онанинг қизиқишини қондириш учун, балки гермафродитизмга йўл қўймаслик учун ҳам аниқлашади.
Маълумот учун, гермафродитизм — организмда бир вақтнинг ўзида ёки бирин-кетин эркаклар ва аёллар жинсий белгилари ва репродуктив аъзоларининг бўлиши.