Саломатлик

Жазирамада болаларни қандай парваришлаш керак?

Ёзда барчамиз ҳам иссиқдан лоҳас тортамиз. Жажжи болалар қандай қийналишини тасаввур қилиш ҳам қийин. Ташқаридаги ҳаво ҳарорати тобора ошиб бораётган пайтда нима қилиш керак: бола ўзини яхши ҳис қилаётганини қандай билиш мумкин? Бу борада маслаҳатларга қулоқ тутинг.

Жазирамада боланинг режими қандай бўлиши керак?

Баҳор ва кузда болалар билан иложи борича кўпроқ сайр қилиш тавсия этилади, ёзда эса режимга ўзгартиришлар киритган маъқул. Болалар (айниқса чақалоқлар) соат 11 дан 16—17 гача бўлган даврда тўғридан-тўғри қуёш нурлари остида бўлиши керак эмас. Сайрларни эрталаб ёки кечга яқин амалга оширган маъқул, бунда очиқ жойдан кўра, дарахтлар бироз соя ташлаган жойни танлаган яхшироқ.

Болани сайрга қандай кийинтириб чиқариш керак?

Ёш боланинг териси жуда таъсирчан, уларда меланин пигменти (офтобда қорайиш асоси) яхши ишлаб чиқарилмайди, шу туфайли қуёшда куйиб қолиш хавфи катта. Шифокорлар болани сайрга чиқаришда қўл ва оёқчаларини ёпиб турадиган кийим кийдиришни маслаҳат беради. Шу билан бирга, уни ўта қизитиб юбормасликка ҳаракат қилинг: терморегуляцияда муҳим ролни бажарувчи тери нафас олиши ва совиши керак. Соябони елкани ёпиб турадиган бош кийим ҳақида унутманг. Ультрабинафша нурларни деярли ўтказмайдиган табиий матолардан тикилган кийимларни танланг (синтетика нурларнинг 20—50 фоизини ўтказади). Жазирамада болалар аравачасининг устини тўр билан ёпманг — бола унинг тагида нафас ололмайди. Аравачанинг ичкарисига етарлича ҳаво бораётганига ишонч ҳосил қилинг.

Суюқлик ичиш режими ўзгарадими?

Терлаганда боланинг организми суюқлик йўқотади, ушбу талафотни тўлдириш учун болага тез-тез ичимлик бериш керак. Кўпчилик болалар ва катталарда ҳам жазирама вақтида иштаҳа пасайиши — табиий ҳол. Бир яшар болага тушлик вақтида компот ва мевалар бериш мумкин, шўрва ва гўштли таомларни эса тушки уйқудан кейин едириш мумкин (ҳаво салқинлашгач, иштаҳа яхшиланади).

Чўмилтириш керакми?

Жазирамада болани ҳар куни икки-уч марта чўмилтириш керак. Кун давомида боланинг баданини вақти-вақти билан ҳўл сочиқ билан артиб туриш мумкин. Катта сув ҳавзаларида сувнинг кимёвий таркиби яхши бўлмагани сабабли, у ерда бир ёшгача бўлган болаларни чўмилтириш тавсия этилмайди. Яхшиси, болалар бассейнини шиширинг ва уни водопровод суви билан тўлдиринг.

Ҳарорат режимини қандай нормаллаштириш керак?

Агар вентилятор ёки кондиционерни ёқиш имконияти бўлса, бу яхши — фақат уларнинг шамоли тўғри болага келиб урилмаётганига эътибор беринг. Юқорида айтиб ўтилганидек, болани шундай кийинтириш керакки, у қизиб кетмасин, акс ҳолда салқин ҳаво келиб урилиши натижасида, бола шамоллаб қолиши мумкин. Боланинг исиб кетаётганини пайқаш қийин эмас — юзчаси қизаради, пешонаси терлайди, сочи нам бўлиб қолади.

Боланинг терисини қандай парвариш қилиш керак?

Жазирамада болалар кўпроқ терлайди, уларнинг бадани бўрсиб қолмаслиги учун сувда тез-тез чўмилтириш ва “ҳаво ваннаси” қабул қилиш керак. Сув терини қуритади — унга болалар креми ёки ёғидан суриб қўйиш керак. Аммо таглик остидан қалин қилиб сурилган крем терининг нафас олишига йўл қўймайди.

Болалар терисини ҳимоя қилиш учун дерматологлар ультрабинафша нурлардан ҳимоя бўйича юқори факторга эга офтобда куйишдан ҳимоя қилувчи болалар кремидан фойдаланишни маслаҳат беради.