Ҳомиладорлик

Кесарча кесишнинг ижобий ва салбий жиҳатлари

Кесарча кесиш қорин бўшлиғида қилинадиган операция бўлиб, унда бола онанинг қорин деворидаги кесилган жой орқали чиқариб олиш йўли билан дунёга келади. Болани бундай усулда дунёга келтириш нафақат операция ўтказишга мажбур қолган аёллар сони кўплиги, балки кўплаб аёлларнинг туғруқ жараёнидаги азоблардан қочиб, уни тез ва ўзлари учун қулай ўтказишга бўлган интилиши туфайли оммалашиб кетди. Айнан шу туфайли аёлларнинг бир қисми кесарча кесишни ўз хоҳишига кўра танлайди.

Бироқ ҳомиладорлик ва туғруқ — табиий жараён бўлиб, тос суягининг торлиги, онанинг ёши, боланинг бачадондаги нотўғри жойлашуви ва бошқа тиббий кўрсаткичлар туфайли мустақил равишда туғиш мумкин бўлмаган ҳолатлардагина оператив аралашувга мурожаат қилган маъқул.

Кесарча кесиш қандай ҳолларда тавсия этилади?

  • тос суяги тор бўлганида (II—IV даражали торлик);
  • бачадон миомаси, тухумдонлар шиши бўлса;
  • бачадон ёрилиши хавфи бўлса;
  • йўлдош барвақт кўча бошласа.

Бундан ташқари, ҳомиланинг кўндаланг ёки тескари жойлашуви, гестоз, туғруқ фаолиятининг заифлиги, гипоксия (кислород етишмаслиги) ёки ҳомиланинг юрак дисфункцияси ҳам операция учун сабаб бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Операция қилишнинг ижобий ва салбий жиҳатлари

Кесарча кесиш — анча кенг тарқалган операция. Статистикага кўра, ҳар бешинчи чақалоқ ана шу усулда дунёга келган. Табиий равишда савол туғилади: агар бундай туғруқ шаклига шунчалик кўп мурожаат қилинса, демак унинг ўзига хос афзаллиги бордир? Бунга аниқлик киритишга ҳаракат қиламиз. Кесарча кесишнинг барча афзаллик ва камчиликларини она, бола ва шифокор нуқтаи назаридан кўриб чиқамиз.

Кесарча кесишнинг ижобий томонлари

Она учун:

  • кўп соатлаб давом этадиган дарднинг йўқлиги;
  • мустақил туғиш имконияти бўлмаганида ҳаёт ва соғлиқни сақлаб қолиш;
  • жинсий ҳаётнинг тезроқ қайта тикланиши;
  • қин мушакларининг чўзилиши, чот тўқимасининг йиртилиши, геморройнинг кучайиши каби муаммоларнинг йўқлиги.

Бола учун:

  • табиий туғруқнинг имкони бўлмаганида ҳаётни сақлаб қолиш.

Шифокор учун:

  • кўпроқ пул тўлангани учун операция ёқимлироқ ва туғаётган аёлга кўпроқ эътибор талаб қилинади.

Кесарча кесишнинг салбий томонлари

Она учун:

  • ҳар қандай операция — организмга аралашувдир, демак, салбий оқибатлар, асоратлар хавфи бор;
  • туққан аёл руҳий жиҳатдан ўзини она сифатида ҳис қилмайди, чунки мияга туғруқ якунлангани ҳақида сигнал бормайди;
  • эмизиш билан боғлиқ муаммолар юзага келиши мумкин;
  • наркоздан ўзига келиш ва чоклар битиб кетиши жараёни анча ноқулайлик туғдиради;
  • туққан аёлнинг бачадони қисқариши учун табиий туғруқдагига нисбатан кўпроқ вақт талаб этилади;
  • аёлнинг қорнида хунук чандиқ қолади.

Бола учун:

  • бола оддий туғруқдагига нисбатан дунёга тезроқ келади: қон босимининг кескин тушиши, атроф-муҳитнинг кескин ўзгариши — у учун стресс;
  • чақалоқ бундай туғруқдан сўнг мослашиши қийинроқ кечади;
  • бундай болаларнинг соғлиғи бироз заифроқ бўлади.

Шифокор учун:

  • туғруқ муваффақиятли кечиши учун масъулият тўлиқ унинг бўйнида.