Эмизикли аёл борки эртами-кечми болакайни она сутидан ажаратиш билан тўқнаш келади. Баъзи болажонлар бу даврдан осон ва кўникимли ўтсалар, айримларда эса ўрганган одатидан воз кечиш осон бўлмайди. Айниқса тунги эмизиш вақти айрим болакайларнинг овуниши жуда қийин. Хўш, ана шундай муаммо билан юзма-юз турган оналар боланинг руҳиятини жароҳатламай вазиятни назорат қилишлари учун қандай усуллардан фойдаланишлари мумкин. Бу ҳақда олий тоифали шифокор-педиатр, лактолог Нафиса Султонова таништиради.
Қачон эмизишдан чиқарган маъқул?
Баъзи оналар фарзандалари ёшига тўлгач эмизиш бефойда, худди сўрғичдек гап-да, дейишади.Аслида эса айнан бир ёшдан икки ёшгача бўлган давр болакайнинг организми учун фойдали бўлиб, давомли бўлиши талаб қилинади. Меъёрда болангизни икки ёшигача эмизсангиз етарли. Тўғри ва етарли даражада она сути билан озиқланган болакай келажакда турли муаммолардан холи бўлади. Масалан она с ути билан меъёрида озиқланган болаларда:
- Жисмоний ва ақлий салоҳияти яхши ривожланган бўлади;
- Атеросклероз хавфи камаяди;
- Иммунитети мустахкамланади;
- Гапертония,қандли диабет, лейкоз, меъда фаолияти билан боғлиқ турли хил касалликлар хавфи нисбатан камайиши тиббиётда исботланган.
Оналар диққатига!
- Жиддий сабаб ёки боланинг она сутини қабул қилмаслик ҳолати кузатилмаса, 4-8 ойлик даврда эмизишдан ажратиш мумкин эмас. Бу вақтда ривожланаётган ёш организм учун она сути таркибидаги фойдали элементлар жуда муҳим.
- Кўкракдан ажаратиш учун аввал ўзингиз тинчланиб олинг! Сиздаги ҳотиржамлик болангизнинг ортиқча безовта бўлмаслигини таъминлайди.
- Тез ва бир вақтнинг ўзида кўкракдан ажратиш тўғри эмас.Бу ишни секин-аста боланинг эътиборини бошқа нарсаларга жалб қилиш орқали бажарган маъқул. Кўпи билан икки хафта мобайнида сутдан чиқаришга эришиш мумкин.
- Баҳор ва куз фасли эмизишдан ажратиш учун айни муддао.Ёзда эса она сути болкайни турли хил меъда инфекцияларидан ҳимоялайди. Шу боис ёз мавсумида эмизишдан чиқаришни ўйламанг.Яхшиси айни вақтда бу ишни бажаринг ёки кузнинг бошларигача бир оз кутинг.
- Фарзандингиз олдида кўкрак қисми ёпиқроқ бўлган либосларда кўрининг.Бу унинг диққатини жалб қилмайди. Агар эмишни хумор қилса, тайёр бўтқа, нимтатир ширин чой ёки мевали шарбатларга чалғитинг. Бу ҳам ёрдам бермаса унда навбатдаги усулларни бирма-бир синаб кўришингиз мумкин.
- Агар фарзандингизни истисносиз 6 ойгача фақат она сути билан эмизиб, ўз вақтида оз-оздан қўшимча овқат қўшиб борсангиз, 2 ёшга етгач қўшимча овқлатларга талаби секин-аста ортиб боради. Бу эса болани она сутидан ажралишини осонлаштиради.
- Агар боланинг талабига мос, етарли даражада эмизилмаса, 2 ёшдан кейин ҳам она сутига бўлган талаби кучли бўлади. Бу пайтда эса болани она сутидан ажратиш қйинлашиши мумкин. Шу каби ҳолатлар юз берса, болангизни эмизишни давом эттиринг. Бунда сут таркиби ўзгармай, керакли озуқани таъминлайди.
Фарзандингиздан узоқлашманг!
Кўпчилик оналар фарзандларини бир-икки кунга холаси, бувисникига бериб, эмизишдан чиқармоқчи бўлишади. Руҳшунослар бу даврда она-бола мулоқоти ва боланинг она меҳри ва кўмагини ҳис эииб туриши ғоят мухим дея таъкидлашади. Демакки, болани ўзингиздан узоқлаштириб вазиятни назорат қилолмайсиз. Яхшиси унинг ёнида бўлиб, тинчланиши ва ўзгаришларни қарши олишига кўмаклашинг.
Бўтқа,ширин чой ёки ..
Ҳар бирида меёър бўлиши лозим. Она сутиннг ўрнига ҳадеб ширин чой берсангиз бола бир хил таъмли нарсага ўрганиб қолади. Бўтқалар ҳам керакли озуқани таъминламаслиги мумкин. Яхшиси болангизнинг бир кунлик таомномасини тузинг. Масалан, эрталабки нонушта учун гуручли бўтқа бўлса, бироздан сўнг мевали шарбат бериш мумкин. Махсулотлар ранг-баранг ва боланинг диққатини жалб қиладиган кўринишда бўлса, таъмидан олдин кўриниши билан қизиқтиради.Оз-оздан турли егуликлардан таътиб кўрса,таъм билиш рецепторлари фаоллашади.
Аччиқ қалампир ёки рангли суртма....
Кўкракка аччиқ қалампир ёки иод, зеленка каби суртмаларни суртиш орқали болани қўрқитиш ҳар доим ҳам кутилган натижани беравермайди. Қолаверса, бундай усуллар бошқа муаммоларни ҳам келтириб чиқариши мумкин.Мисол учун:
- Ошқозон табиий микрофлорасининг бузилиш ва қорин оғриқларининг келиб чиқиши;
- Боланинг руҳиятига зарба бўлиб, онасига нисбатан ишончи йўқолиши мумкин.
Баъзи болалар ҳатто қўрқитгангизга ҳам қақрамй, барибир кўкрак тутишингиз талаб қилишади. Бундай болаларга сабр-тоқат билан “курашиш”дан бошқа иложингиз йўқ. Агар босим ўтказишни давом эттирсангиз, кейинчалик фарзандингиз тажанг ва қайсар характерини намойиш этиши мумкин. Қўрқитишларингиз кор қилмадими, унда болангиз ўз ҳохиши билан кўкрак сутидан воз кечишини кутинг.
Кундузги сайр
Кундузги эмизиш вақтида сайрга олиб чиқиб, тасаввурини кенгайишига кўмаклашинг. Бу вақтда бирон мева ёки сабзавотлардан тайёрланган бўтқалардан фойдаланиш мумкин. Иложи бўлса, кундузги уйқусидан аввал сайрга чиқсангиз, енгил чарчоқ пайдо бўлиб, тинч ором олади. Бундай сайрларни кечки вақтда ҳам бажариш мумкин. Айниқса болалар майдончасида ўтказилган вақт фарзандингизнинг эътиборини чалғитиб, эмиши керак бўлган вақтлар орасини узайтиришга ёрдам беради.
Тунги хархаша...
Энг мушкули ҳам айнан шуниси. Болакай она кўкрагини худди сўрғичдай қабул қилиб, ухлашга одатланган бўлса, сутдан чиқиши осон бўлмайди. Бу вақтда инжиқлик қилиши, ухлашга қийналиши мумкин. Агар эмизишдан чиқаришга аҳд қилган бўлсангиз, барча қайсарликларига сабр билан чидашингизга керак. Тунги махал эрингиздан ёрдам сўранг. Тайёр бўтқа ёки қайнатилган илиқ сув солинган шишачадан болакайни овунтиришга кўмаклашисин. Тўғри осон бўлмаслиги мумкин. Аммо секин-аста уддалаш мумкин. Бордию кичкинтой 2-3 кун тинмай инжиқлик қилиб, алламахалгача уйқусини тополмаса, унда кўкракдан ажратишга шошилмаганингиз маъқул.
Алохида ётоқхона...
Болаларда она сутининг таъми ва ҳидига нисбатан рефлекс яхши шаклланган бўлади. Агар кичкинтой сиз билан ухласа ана шу таъм унга тинчлик бермайди. Иложи бўлса эмизишдан чиқараётган вақт уни алохида хонага ўтказинг. Бошқа фарзандларингиз бўлса, улар билан бир ётоққа жойланг. Агар биринчингиз бўлса, хонага тунги ёритгич ва ётоқҳона кроватига болалар учун мўлжалланган бирор мусиқали ўйинчоқни қўйинг. Мусиқали ўйинчоқ болакайнинг диққатини ўзига жалб қилиб, тинчланишига ёрдам беради.
Мулоқот қилинг...
Кичкинтойнинг қайсарликларига қўрслик билан жавоб қайтаришнинг фойдаси йўқ. Эмишни истаётган болангизни турткилаймай, уни тиззангизга олинг. Елка ва куракларини оҳиста силанг, ёқимли сўзлар билан эркаланг. Болакай ҳар бир сўзингизни ўзича тушунади. У билан болаларча сухбатлашиб, таом ёки егулик ейишига кўмаклашинг. Эртак қахрамонлари ёки ўзи севиб томоша қиладиган мультқахрамон қиёфасини жонлантириб, овқатлантиринг. Ишончли чиқиши учун ўзингиз ҳам у билан бирга тамадди қилинг. Ўйин тариқасида олиб борилган бу усул боланинг руҳиятини жароҳатламай,янги танаввулга кўникишига ёрдам беради.
“Ҳеч бири ёрдам бермаяпти..”
Айрим болакайлар билан ҳеч қандай усуллар фойда бермайди. Барибир ўз билганларидан қолмай ҳеч бўлмаганда кечаси онасини эмиб, ухлашади. Кўкаргингизни боғлаганингиз, суртмалар сурганингиз хатто алохида хонада ётқизганингиз ҳам кор қилмайди. Шифокорлар ҳеч бири ёрдам бермаса, болакай ўз ҳоҳиши билан эмишдан қолишини кутиш керак дейишади. Бу жараён анча чўзилиши ҳам мумкин. Бироқ болакайнинг ривожланиши билан тасаввури кенгайиб, кун тартиби ҳам ўзгариб боради. Шундан келиб чиқиб, кўкракдан ажарилиш аста-секин ўз-ўзидан унут бўлиши ҳам мумкин.
Ён дафтарингиз учун!
- Яхши маълумки, сутни кўпайтириш учун кўпроқ суюқлик ичиб, яхши овқатланиш маслахат берилади. Кўкракдан ажратаётганда эса аксинча камроқ суюқлик ичиб, ширин ва мазали егуликлардан бироз камайтиринг. Озгина парҳез ушласангиз сут таркиби ва мазаси ҳам ўзгариб, болакайнинг таъм билиш ҳусусияти таёр махсулотларга қаратилишига эришиш мумкин.
- Бола эмишдан юз ўгирса, сут келиши тухтайди, дейишади. Бордию эмишдан чиқарганингиздан кейин ҳам кўкрагингиз тўлишда давом этса, шифокорга мурожаат этиб, маслаҳатлашинг. Зарур ҳолларда бир неча препаратлар буюрилиши мумкин.
- Эмизишни тўхтатганингиздан сўнг кўкракни сиққанингизда оз-оз суюқлик чиқиши мумкин. Бу нормал ҳолат бўлиб, организмнинг ўзгаришига мувофиқ сут безлари аста-секин меъёрий кўринишига келади.
Манба: Darakchi.uz