Биласизми?

Мактаб ўқувчиси учун энг фойдали озиқ-овқатлар

Мактаб бошланишига ҳам саноқли кунлар қолди. Ақлий меҳнат жадаллашган вақтларда мактаб ўқувчисининг таомномасини бироз ўзгартириш – унга кўпроқ енгил ҳазм бўлувчи оқсиллар ва C витаминига бой бўлган озиқ-овқатлар қўшиш лозим бўлади.

Тухум

Ўртача катталикдаги битта товуқ тухумида 6—8 граммгача енгил ҳазм бўлувчи оқсиллар мавжуд.  Шунингдек унинг таркиби асаб тизимининг ривожланиши ва фаолияти учун зарур бўлган лецитинлар ва холинга ҳам жуда бой. Айниқса қайнатилган тухум жуда фойдали. Тухумни колбаса, ветчина ёки беконлар билан эмас, балки сабзавотлар билан ейиш тавсия қилинади.

Балиқ ва денгиз карами

Денгиз балиғи ва денгиз карами таркибида оқсилдан ташқари жуда муҳим микроэлемент ҳисобланувчи ёд ҳам бор. Бу минерал мия фаолияти ва қалқонсимон без гормони бўлган тироксинлар учун жавоб беради. Агар организмда ёд етишмаса, бола тез ва қаттиқ чарчайди, ланж ва карахт бўлиб қолади. Балиқ таркибида гўштдан фарқли равишда мураккаб толалар бўлмайди, шунинг учун у осон ҳазм бўлади.

Ишлов берилмаган ва қорамтир ёрмалар

Гречка, геркулес, киноа, ишлов берилмаган гуруч – булар мураккаб углеводлар, клетчаткалар ва Б гуруҳ витаминларининг бой манбалари ҳисобланади. Ҳар бир бўтқа фойдали микроэлементлар ва витаминлардан ташкил топган. Шунинг учун уларни навбати билан бериш тавсия қилинади. Бўтқаларни сабзавотлар билан еган маъқул.

Творог, пишлоқ ва ачитилган сут маҳсулотлари

Творогнинг муҳим хусусиятларидан бири – унинг таркибидаги кальций ва фосфор миқдорининг  тенглиги. Кальцийнинг айнан шундай мутаносиб миқдори яхши ҳазм бўлади ва тишлар, сочлар, мушаклар ва асаб тизими ҳолатига ижобий таъсир кўрсатади.

Шунингдек, болаларга творогдан ташқари янги пишлоқлар ва ачитилган сут маҳсулотлари ҳам тавсия қилинади.

C витаминига бой бўлган сабзавотлар ва мевалар

Булғор қалампири, қора қорағат, киви, цитруслилар ва тузланган карам – организмдаги кўплаб муҳим жараёнларда иштирок этувчи C витаминига бой бўлган озиқ-овқатлар ҳисобланади. Кўриш қобилияти, томирлар эгилувчанлиги, темирнинг сингдирилиши, тўқималарнинг битиши ва инфекциядан ҳимояланиш C витамини мавжудлигига боғлиқдир.

Манба: Daryo.uz