Мактаб ўқувчисининг ҳаётини қандай енгиллаштириш мумкин? Айниқса, фарзандингиз эндигина мактаб остонасига қадам қўйган бўлса… Барча жонкуяр ота-оналарни ушбу савол қийнаса керак. Қуйидаги маслаҳатлар уларга ёрдам бериши мумкин.
- Болангизни биринчи синфга берганда, бир вақтнинг ўзида бошқа тўгарак ёки машғулотга берманг
Бола учун “катта” ҳаётнинг, яъни мактаб даврининг бошланиши ҳаяжонли давр ҳисобланади. Агар у мактабдан кейин сайр қилиш, дам олиш ва ундан кейин шошилмасдан, дарсларини тайёрлаш имконига эга бўлмаса, унинг соғлиғида жиддий муаммолар юзага келиши мумкин.
- Ўғлингиз ёки қизингиз бирор нарсага диққат-эътиборини 15 дақиқадан ортиқ қарата олмаслигини ёдда тутинг
Шу сабабли дарсларини бирга тайёрлаш давомида 15 дақиқа шуғуллангандан сўнг, бир муддат танаффус қилиб, бироз дам олинг. Масалан, бирор қизиқарли жисмоний машқ бажариш ёки шўх мусиқага бир неча дақиқа рақсга тушиш мумкин.
Уйга вазифаларни ёзувдан бошлаган маъқул. Бундай машғулотларнинг давомийлиги бир соатдан ошмаслиги лозим.
- Телевизор, компьютер ва бошқа шу каби кўзга оғирлиги тушадиган машғулотлар кунига бир соатдан ортиқ давом этмаслиги лозим
Буни дунёнинг барча мамлакатларидаги аксарият кўз шифокорлари тавсия этади.
4. Фарзандингизни тез-тез мақтаб туришни унутманг Биринчи ўқув йили давомида бола ота-онасининг қўллаб-қувватлашига муҳтож бўлади. Чунки айнан шу даврда фарзандингиз ўқитувчилари ва синфдошлари билан шахсий муносабатларини шакллантиради. У келажакда ўзига ишонадиган инсон бўлиб улғайишини истасангиз, уни албатта мақтаб туринг!
- Болани кескин уйғотиш тавсия этилмайди
Агар фарзандингиз тонгда қийинчилик билан ўрнидан турса, бунинг учун уни “уйқучи” деб аташ ёки койиш ярамайди. Уни уйғотиш давомида меҳрибонлик ва илиқлик мужассам муҳитни яратишга ҳаракат қилинг. Масалан, радиони овозини баландлатинг, унинг севимли мусиқасини қўйинг. Агар уни будильникдан фойдаланишга ўргатсангиз ва бу жараёнга қизиқарли ўйин тусини берсангиз янада маъқул ҳисобланади.
Шуни ёдда тутингки, болани бирор ишни бажаришга қанчалик шошилтирсангиз, у шунчалик имиллай бошлайди. Бу бола организмининг унга маъқул келмаган вазифага қарши курашиш учун табиий реакциясидир.
- Одат тусига айланган саволларни берманг
Фарзандингизга одатий саволларни берманг. Масалан, “Мактабдаги ўқишларинг қандай? Қанақа баҳолар олдинг?” каби. Олган баҳолари ота-онаси учун кутилган натижа эмаслигини билган бола учун бу каби саволлар ҳақиқий қийноққа айланади. Аксинча, уни синчковлик билан кузатиб, унинг аҳволини юзидаги ифодадан англаб олишга ҳаракат қилинг.
Унинг бироз дам олишига имкон беринг, шундан кейин бирор ёрдамингиз тегиши мумкинлигига аниқлик киритинг.
Фарзандингиз учун уни қўллаб-қувватлашингизни билиш ва ҳар қандай вазиятда уни тушунишга тайёр эканлигингизни англаш жуда муҳимлигини унутманг!
Мақолани тайёрлашда “Воспитай!” сайти маълумотларидан фойдаланилди.