Тарбия

Мактаб ўргатмайдиган 5 та кўникма

Шундай кўникмалар борки, уларни фарзандингизга мактабда ўргатишмайди. Уларни фақат оилада ўрганиш мумкин. Қуйида ана шундай кўникмаларнинг бештасини келтирамиз:

  1. Савол бериш

Тўрт ёшлар атрофидаги болаларга тинмай турли-туман саволлар бериш хос. Бу тўғрилик ва ҳамма нарсага қизиқиш билан йўғрилган ажойиб даврдир. Бироқ бола улғая бориши билан ундаги бу кўникма қаергадир ғойиб бўлади. Бола ахмоқона савол беришдан ва ўқитувчи ҳамда тенгдошларининг норози нигоҳларидан қўрқиб қолади... Бу эса ёмон, чунки саволлар бермасдан туриб сифатли таълим олишнинг деярли имкони йўқ. Ота-оналар болаларни ҳеч кимдан қўрқмасдан савол беришга ўргатгани маъқул, чунки болаларнинг бунга ҳаққи бор. Шунингдек, фарзандингиз бераётган саволларга жавоб қидиришга ёрдам беринг.

  1. Ўз муаммоларини мустақил ҳал қилиш

Ҳаёт кишининг олдига турли вазифаларни қўяди. Ҳар доим ҳам фарзандингизнинг ёнида бўла олмаслигингизни ёдингизда сақланг. Шунинг учун уларга дарҳол ёрдам беришга шошилманг. Бу хоҳ кийимни тўғри кийиш, хоҳ физикадан масала ечиш бўлсин, бола мустақил ечимини топишни ўргансин. Сиз фақат тўғри йўл кўрсатиб ва қўллаб-қувватлаб туринг.

  1. Бошлаган ишни охирига етказиш

Фарзандингизга ўрнак бўлинг, бошлаган ишларингизни охирига етказинг. Унга бирор ишни бошлагандан сўнг уни охирига қадар етказиш ва бунинг учун масъул бўлишни ўргатинг.

  1. Ҳаётда ўзини топиш

Аксарият ҳолларда бугунги кундаги мактаб битирувчилари ҳаётда нима қилишни, нима билан машғул бўлишни билмайди. Улар олий таълим муассасасига дўсти билан бирга ўқиш ёки ота-онасининг маслаҳати бўйича йўл олади. Бу унчалик ёмон эмас, бироқ инсон ҳаётда ўзи севган касб билан машғул бўлса, шубҳасиз янада бахтлироқ яшайди! Келинг, фарзандимизнинг қайси йўналишга мойиллигини аниқлаб, уни ривожлантиришга ҳаракат қиламиз. Болаларни ўзлигини топишида кўмак берайлик!

  1. Атрофдагиларга нисбатан сабрли бўлиш

Фақат ота-онагина фарзандига атрофдагиларга нисбатан сабрли бўлишни ўргата олади. Кишилар турли-тумандир, уларнинг ўз қадриятлари, ўз қарашлари ва фикрлари мавжуд. Фақат шахсий намуна бўлиш ва ота-онанинг сайъ-ҳаракатлари билан болага ҳаммага ўхшамаслик ва ўзига хос бўлиш нормал ҳолат эканлигини кўрсатиш мумкин.

Юқоридаги кўникмалар фарзандингизнинг ҳаёт йўлида ўз муносиб ўрнини топишига кўмак беради.