Тарбия

Мактабга илк қадам

Бола илк бора мактабга бораётганида жуда хурсанд бўлади. Қандай қилиб у мактабдан ранжиб қолмаслигини таъминлаш мумкин?

Қуйидаги бир қатор маслаҳатлар бола бориб-бориб мактабдан ранжиб кетмаслигига ёрдам беради:

1. Бола билан уй ишини қилманг. Эслатиб туринг, сўраса ёрдам беринг, лекин бирга ўтириб қилдирманг. Бу унда масъулиятсизликни ривожлантиради. Сабр қилинг. Боғчадан сўнг бирданига мактаб қоидаларига ўрганиб олиш осон эмас. Секин-секин уй ишини қилишга унданг. Ўзи қилиб келганида яхшилаб мақтанг ва мукофотланг. Уй иши қилишдан завқ олсин.

2. Боланинг баҳоларига ҳадеб аҳамият бераверманг. Баҳо муҳим эмас. Муҳими бола мактабни, билим олишни севиб қолиши. Билим олишга интилган бола эса эртами-кеч албатта яхши баҳоларни олиб келади. Севмай ота-онасидан қўрқиб туриб "5" баҳо олган бола "яхши лавозимларни эгаллайди ёки омадли бўлади", десангиз адашасиз. Бундай болалар ҳаётда қўрқоқ бўлиб яшайди. Ҳар бир ишни бировни турткиси билан амалга оширишга ўрганиб қолади.

3. Мактаб ҳақида айтиб берган ҳар бир гапига эътибор билан қулоқ солинг. Бу унинг кичик бошидаги дарди. Сизга оддий ҳол бўлгани билан бола учун бу катта муаммо бўлиши мумкин. Унинг мактаб ҳақидаги гапларига аҳамиятсиз бўлсангиз кейинчалик сиз билан бўлишмай қолади. Катта бўлган сари эса жиддий муаммолар юз берганида ичида ушлаб сиқилиб юради. Дардини сизга ишона олсин.

4. Ҳеч қачон болани олдида мактабини ёки мактаб ўқитувчиларини ёмонламанг. Бола буни қулоғига қуйиб олади ва кейинчалик унга бирон нарса уқтирганингизда сизнинг гапларингизни эсга олади.

5. Боланинг ҳуқуқларини ҳурмат қилинг. Дарс қилиши керак албатта, лекин ўйинга ҳам вақти бўлишини таъминлаб беринг.

6. Бола дарс қилаётганида у истаган тарзда қилсин. "Биз ёшлигимизда шундай қилар эдик," деб ўзингизникини уқтирманг. Болангиз ҳозирги замонда яшамоқда сизнинг кичиклигингиз даврида эмас.

7. Болани ёмон баҳо олиб келса, уялтирманг. Ёшлигида кўп уялтирилган бола катта бўлганида психологик муаммоларга дуч келади. Ёмон баҳо учун, масалан музқаймоқдан уни ҳоли қилсангиз бўлади ёки вада қилинган нарсадан. Лекин кейинги сафар албатта яхши баҳо олишига ишонишингизни унга билдиринг.

8. "Яхши баҳо олмасанг мендан кўрасан!", каби қўрқитишлар ижобий натижага олиб келмайди. Бола ўз интилиши билан яхши баҳо олиши керак. Қўрқитиш ота-она учун энг осон йўл. Болангиз ўқий олмаганига жаҳлингиз чиқмасин, ундан кўра сиз болангизни ўқишга қизиқтира олмаётганингиз ҳақида қайғуринг.

9. Болани синфдошлари билан солиштирманг. Бола учун энг ёмони, унинг дўсти ота-онасига ундан кўра кўпроқ ёқишидир. Бундан у дўстига ўхшашга интилмайди, аксинча аламидан, рашкидан баттар қила бошлайди.

10. Биринчи синф ўқувчисининг психикаси жуда заиф бўлади. Янги даргоҳ, янги ўқитувчи, янги болалар, янги шароит ва одатлар. Уларга кўникиш унга осон эмас. Шу даврда ота-онанинг меҳри унга энг керакли нарса.

Манба: Uzbaby.uz