Тарбия

Мулоқот – тарбиянинг калити

 

Кўпчилигингиз "чап мия" ва "ўнг мия" ёки "миянинг уст қисми" ва "миянинг ост қисми" деган тушунчаларни эшитган бўлишингиз мумкин. Ўнг мия, яъни миянинг устки қисми бизнинг онг ва идрокимизни бошқарса, чап мия – миянинг остки қисми руҳий ва ҳиссий ҳолатимизни бошқаради. Мия ости бола туғилганидаёқ шаклланиб бўлган бўлади. У шунингдек тананинг нафас олиш, ҳарорат, юрак уриши ва мувозанат каби вазифаларини назорат қилади. Яъни, керак вақтда танамизга яшаш учун зарур биологик хабарларни етказиб туради.

Миянинг юқори қисми эса кўпроқ фикрлаш, идрок қилиш каби жараённи назорат қилади. Бу ерда раҳм-шафқат ва меҳр-муҳаббат каби ҳиссиётлар ҳам яшайди. Туғилгандаёқ миянинг бу қисми ривожланишга муҳтож бўлади. Ва бу ривожланиш бевосита ота-онанинг бола билан муносабатига, тўғри мулоқотига боғлиқ. Биз ота-оналар боламизга қанчалар меҳрибон ва яқин бўлсак, миянинг бу қисмидаги асаб тизими шунча мустаҳкам бўлади.

Айниқса, болани уялтириш, камситиш, уни ҳамма нарсадан мосуво қилиш – катта хато. Кўпчилик ота-оналар боланинг ҳали миянинг остки қисми назоратида эканини тушунишмайди ва уни жеркиб, тергаб боланинг бир умр шу ерда – хато назорат остида қолиб кетишига сабабчи бўладилар.

Ҳеч эътибор берганмисиз, эркин ва хушчақчақ оила фарзандлари ҳаётга реал қарайдилар. Оиласи қийинчиликка юз тутган, болалиги оғир ўтган болалар эса кўпроқ ҳис-туйғуларга қулоқ тутадиган мия соҳиблари бўлишади. Бунинг асосий сабабини ҳам, уларнинг ёшлик чоғлари тушкун кайфиятда ўтгани билан изоҳлаш мумкин. Бу жиддий муаммо эмас, албатта.

Болангиз хафа бўлганида унинг танаси мия остининг назоратига ўтади ва бола миянинг устки қисми, яъни идрок билан боғлана олмайди. Мия устидаги асаб тизими қанча кучсиз бўлса, танада остки мия шу қадар устунлигини намоён қилади. Шу боис бу маҳалда бола идрокли эмас, тажовузкор бўлиб қолади. Бундай вазиятларда у ўзини назорат қила олиши учун унинг идрок тизимини шакллантириш керак. Аммо тушкунликда ва мунтазам ҳақорат, бақиришларга дуч келган болада мия устининг ривожланиш даражаси пасаяди. Шу боис, болани хотиржамлик ва мулоҳаза билан тарбиялаш, унга босиқлик билан муомалада бўлиш керак.

Аммо хато қилиб қўйган болага бақирмаслик учун ота-онанинг ўзлари ҳам юқори мия назоратидаги, вазиятга тўғри баҳо берадиган, тезкор фикр қиладиган одамлар бўлишлари керак. Боланинг ақл-идрокли бўлиб вояга етишида мулоқотнинг ўрни жуда юқори. Шу сабабли, бобо-бувиси қўлида тарбия топган болаларнинг ақли бошқалариникидан устун бўлади.

Болалар бизнинг меҳримиз ва эътирофимизни ҳис қилганлари сайин, гарчи уларнинг бирор ҳаракати бизда норозилик уйғотганини сезсалар ҳам, улар миянинг юқори қисмига кўпроқ қулоқ тутиб, зеҳнли ва тафаккурли болалар бўлиб вояга етадилар.

Болангиз хафа бўлса, уни тинчлантиринг. У хато қилса, уни кечиринг. У инжиқлик қилса, сиз босиқ бўлинг. Бу саъй-ҳаракатингиз болада акс таъсир қилади, боланинг феъл-атвори янада ёмонлашади, деб ўйласангиз, хато қиласиз. Боланинг миясида идрок устун бўлган тизимнинг шаклланиши аста-секин содир бўлади. Шунда фарзанд ҳам бирор хатти-ҳаракат қилишдан аввал фикрлайдиган бўлиб қолади. Модомики, унинг хархашаларини сиз ҳам бақир-чақир билан қарши олар экансиз, болани шу қадар миянинг туб қисмига итарасиз ва у ҳам кўпроқ ақл билан эмас, ҳиссиёт билан ўртоқлашадиган бўлиб қолади.

Шу билан бирга, бола билан кам мулоқот қилиш ҳам унинг миянинг қуйи қисмига қарам бўлиб қолишига сабабчи бўлади. Шу боис, сиз ҳозир тарбияси учун вақт ажрата олмаётган фарзандингиздан келажакда эътибор кутманг.

Ҳақиқат шундаки, фарзанд кўпроқ уни эшитадиган ота-онага қулоқ тутади. Сиз болани қанча кўп тингласангиз, у сизни шунча кўп хурсанд қилишни, сиз билан мулоқотда бўлиб, тинглашни, меҳр кўрсатишни режалаштиради.

Мулоқот боланинг сиздан қўрқиши ёки бўйсуниши, ёнизда юрак ҳовучлаб туриши учун хизмат қилмасин. Мулоқот ёрдамида унга у сиз билан хавфдан ҳоли эканлигини англатинг, фарзандингизни қадрланг ва тушунинг. Шунда ундаги ҳис-туйғулар тизими ҳам соғлом ривожланади.

Фарзанд камолини кўриш сизга насиб қилсин!