Биласизми?

​Нимага ёш болалар ота-онасини уради?

Автобусда тўрт ёшлардаги болакай «Обермадинг, обермадинг, сен ёмон ойисан» деб онасининг юз-кўзларига тинмай урарди. Она аввал ҳижолат бўлиб боланинг қўлларини ушлаб олди, юзини четга бурди. Лекин шумтака онасининг қўлидан юлқиниб, унга қаттиқроқ зарба беришга уринаверди. Шунда она унинг икки қўлига қаттиққина урди, болакай йиғлай бошлади-ю, онасини урмай қўйди. Автобусдаги одамлар икки гуруҳга ажралиб, биринчиси тарбиясиз болакайни, иккинчиси қаҳри қаттиқ онани қоралашга тушди. Мен эса нега болалар ота-онасига қўл кўтаради деган савол ҳақида ўйлай бошладим.

Бу ҳол кўпинча уч ёшдан кейин кузатилади. Психологияда 3 ёш инқирози деган тушунча бор, яъни айнан шу даврга келиб, кичкинтой онгли шахсга айланишни бошлайди. Ўзини, атрофдагиларни англайди, ўз фикрини қандай қилиб бўлса ҳам илгари суришга ҳаракат қилади. Натижада болаларнинг аввалгидек, шунчаки, ноқулайликдан эмас, маълум мақсад сари йўналтирилган инжиқликлари бошланади. Ўсмир ёшдаги болаларнинг ота-онасига қўл кўтариши умуман бошқа мавзу ва биз ҳозир чуқур психологик, социологик ва педагогик таҳлилни талаб қиладиган бу мавзуни четлаб ўтамиз. Биз 3-6 ёш оралиғида ота-онасига қўл кўтараётган жажжи «золим»лар ҳақида гаплашамиз.

Нега уради?

Болалар бу ёшда жуда тақлидчи бўладилар. Уряптими, демак ё уни ҳам уришади, ёки оила аъзолари орасида жисмоний зўрлик бор. У кўрганини қилади, эшитганини сўзлайди. Албатта, онаси ё отасини ураётган бола уларни ёмон кўради, дегани эмас. Бу, шунчаки, кичкинтойнинг айни дамдаги кайфияти. Ва бунинг ота-онасига нисбатан муҳаббатига тааллуқли жойи йўқ. Ўсмир ёшдагидан фарқли ўлароқ, албатта. Демак, биринчи навбатда катталар бола олдида ўз хулқларини назорат қилишлари керак.

Иккинчи сабаб эса қақажон илк бора ота-онасига қўл кўтарганда эътибор берилмаган, бу ишнинг ёмонлиги тушунтирилмаган, ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Яъни муаммо устида ишланмаган. Кейин бу иш такрорланаверган. Бола-да, урса нима бўпти, эси йўқ-да деган қараш ярамайди. Чунки қўли югурик бола бу одатини улғайганида ҳам ташламаслиги мумкин. Ҳатто, эси кириб ота-онасига қарши қўл кўтаришдан ўзини тия олган тақдирда ҳам, тенгдошлари, кейинчалик умр йўлдоши жисмоний тажовуз объектига айланиб қолади. Демак, болани ёшликданоқ бу ёмон одатдан қайтариш керак.

Нима қилмоқ керак?

Аввало, ҳеч қачон бундай қилмасликни қулоғига қуйиш керак. Насиҳат, эртаклар, дидактик материаллар – хуллас, ҳамма воситалар яхши. Бу тарбиянинг бош талабидир, яъни муаммони тинч йўл билан ҳал этишга ёшлигиданоқ ўргатиш. Албатта, тарбия ишлари айнан ўша агрессия пайти эмас, мунтазам олиб борилиши лозим.

Иккинчидан, болангиз сизга қўл кўтараётганини кўришингиз биланоқ қўлларини ушлаб олинг, уришига йўл қўйманг. Агар эпчиллик қилиб бир-икки марта шунга муваффақ бўлсангиз, болангиз бошқа йўл қидиришга тушади.

Учинчидан, борди-ю, кичкинтой сизни урса, жавобан уни ҳам уриш мумкин эмас. Баъзи ота-оналар жони нақадар оғриганини билдириш, баъзилар шунчаки аламини кўрсатиш учун болани уради. Аммо бола менинг жоним оғригани каби ота-онамники ҳам оғрийди, деб ўйламайди. Чунки фарзандигиз назарида сиз “супермен”сиз. Фақат унинг жони оғриши мумкин. Еган калтагидан қилаётган ишим тўғри экан, уриш мумкин экан, улар ҳам уришяпти-ку, деган хулоса чиқаради, холос.

Тўртинчидан, чалғитувчи усуллардан фойдаланинг, бир урдими, сиз буни ўйинга, ҳазилга буринг, бошқа урмаслиги учун нимагадир чалғитинг.

Бешинчидан, жонингиз оғриганини, азобда эканингизни болага кўрсатинг. Яъни психологик таъсир ўтказинг. Баъзида болалар ота-онасининг жони оғриётганини сезишса, дарров жаҳлдан тушиб, меҳрибончилик қила бошлайдилар.

Олтинчидан, албатта, уни жазоланг. Масалан, урдими, тиззангиздан тушириб нари кетинг, ўз ишингиз билан шуғулланинг. Бир оз муддат эътибор берманг, меҳрибончилик кўрсатманг. Бола деворга урса, қўли оғришини билади-ку. Худди шундай, ота-онасига қўл кўтарса, жазо олишини билсин. Ўшандагина кейинги сафар ҳаракатларини назорат қилади.

Демак, 3 асосий қоидани унутманг: а) тушунтириш; б) огоҳлантириш; в) жазолаш.

Манба: Darakchi.uz