Йилнинг совуқ фаслларида об-ҳаво сайрлар учун ноқулайлик туғдиради. Болалар билан уйда ўтириш эса тезда зериктиради. Шунда ота-оналарда ҳақли савол юзага келади: болаларни нима билан машғул қилиш мумкин?
Фарзандларингиз куни бўйи телевизор ёки компьютер экрани олдида ўтирмаслиги учун уларнинг бўш вақтини қизиқарли ўтказишни таклиф қиламиз.
Замонавий болалар ўзларидан аввалги авлод болалардан жуда фарқ қилади. Улар бир жойда ўтиришни истамайди ва турли технологияларга жуда ўч. Уларни қойил қолдириш ҳам қийин. Шунинг учун агар фарзандингиз фойдали ва ривожлантирувчи машғулот билан шуғулланишини истасангиз, бу машғулотни ҳақиқатан ҳам қизиқарли қилинг.
Расмларни бўяш учун мўлжалланган раскраскалар сўнгги йилларда жуда ўзгариб бормоқда. Яқинда Россия компанияларидан бири ноёб ишланма — 3D-раскраскани тақдим этди. Унинг фарқли жиҳати, ундаги расмлар телефондаги махсус дастур ёрдамида «жонланади». Реал ва виртуал дунёнинг уйғунлашиши туфайли бу машғулот, шубҳасиз, фарзандингизни ўзига жалб қилади.
Олимлар бир овоздан расм чизиш боланинг ижодий қобилиятини ривожлантиришини таъкидлайди. Бироқ кичкинтойингиз расм чизишни хуш кўрмаса-чи? У ҳолда ноодатий бўёқлар тайёрланг. Бунинг учун соч учун гел, озуқавий ранг берувчилар ва турли рангдаги зарлар керак бўлади. Уларнинг ҳаммасини аралаштириб, ғаройиб суратлар чизиш мумкин бўлган ёрқин бўёқларни ҳосил қилишингиз мумкин.
Озгина бўш вақтингизни ҳам фарзандингиз билан ўтказмоқчи бўлсангиз, стол ўйинлари ажойиб вариант бўла олади. Шашка, шахмат, домино, нардалар — кечки оилавий ҳордиқ учун булардан ҳам қизиқарли машғулотлар борми?
Нима билан машғул бўлишингиздан қатъи назар, фарзандингиз доим сиз билан вақт ўтказишни ва эришган ютуқлари учун сиздан мақтов эшитишни исташини унутманг!
Манба: Daryo.uz