Шундай вақтлар бўладики, ноқулай об-ҳаво шароитида беихтиёр уйнинг асирига айланиб қоламиз. Агар фарзандларингиз билан барча мультфильмларни томоша қилиб бўлган ҳамда қизиқарли китобчаларни варақлаб чиққан бўлсангиз-чи? Уйда вақтингизни мароқли ўтказиш йўллари борми? Бугун биз сизга шулар ҳақида ҳикоя қиламиз.
- Сеҳрли туннел
Бу ўйин учун сизга бирор катта техниканинг қутиси керак бўлади. Уни қизиқарли туннелга айлантиринг. Болаларга бундай туннел жуда ёқади, айниқса улар икки нафар бўлса. Агар бундай қутини топа олмасангиз, уни эски гулқоғоздан ўзингиз ясашингиз ҳам мумкин.
- Сирпаниш учун тепалик
Бундай тепаликни ясаш учун сизга энлироқ тахта бўлаги керак бўлади. Бунда эски жавон тахтаси ёки шкаф эшиги яхшигина асқотади. Энди тахтани қия жойга, масалан, диванга қўйинг. Унинг бир учи диван устида, кейинги учи эса полда туради. Бу тепаликчадан машиналарни ёки коптокларни сирпантиришингиз ёки болакайнинг ўзи ҳам ундан сирпаниб тушиши мумкин. Энг асосийси, фантазияни ишга солишдир.
- Кичкина буюмлар
Кичкина буюмлар билан ўйнаш болалар учун нафақат қизиқарли, балки фойдали ҳамдир. Бу ловия доналарини қошиқ ёрдамида идишга солиш бўлиши мумкин. Ёки сувда сузиб юрган ловия доналарини қошиқча ёрдамида тутиб олиш.
Болалар қайнатилган тухумни мустақил арчишни жуда ёқтиради. Товуқ тухумининг ўрнига бедана тухумини бериб, жараённи янада қизиқарли қилиш мумкин.
Яна бир вариант кичикроқ қутичадан тешикча очиб, унга турли буюмларни тугма, мунчоқ ва тангаларни солиш мумкин. Қутича тўлганда, ёш изқуварга унинг ичидаги хазинани кўрсатишингиз мумкин. Яна макаронлардан мунчоқ тизиш ҳам болаларга бир олам завқ беради.
- Ижод билан шуғулланиш
Расм чизиш ва нималардир ясаш болаларнинг ижодий қобилиятини ривожлантириши ҳеч кимга сир эмас. Эски журнал ёки болалар китобидан эртак қаҳрамонлари ва ҳайвонларни қирқиб олиш ёки уларни ўзингиз чизиб беришингиз мумкин. Учи тўмтоқ қайчи ёрдамида боланинг ўзи қоғозларни қирқишига имкон беринг.
Яна бир қизиқарли нарса, бу - пластилиндир. Болангиз хаёлот дунёсини ишга солиб, ундан кўплаб буюмларни ясаши мумкин.
- Уйдаги театр
Бу сафар асосий ролни ўзингиз бажаришингиз керак бўлади. Фарзандингиз учун эртаклар оламини очинг, шунда у сизга жарангдор кулгуси ва бахтдан порлаётган кўзлари билан жавоб қайтаради.
Юмшоқ ўйинчоқлар ёрдамида қўғирчоқ театридаги каби саҳна намойишини уюштиринг. Ўйинчоқларга товушингизни ўзгартириб овоз беринг.
Ишонинг, болалар сиз билан бирга ўйнашдан жуда хурсанд бўлади!