Нукус шаҳрининг Отчопар майдонида Ҳосил байрами муносабати билан қатор тадбир ва мусобақалар ташкил этилди, деб ёзади ЎзА.
Полвонлар баҳси томошабинларга завқ улашди. Бош соврин учун гиламга кураш бўйича бир неча бор Қорақалпоғистон чемпиони, жанговар самбо бўйича Ўзбекистон чемпиони шуманайлик Мийирбек Абдихалиқов ва кураш, дзюдо бўйича ёшлар ўртасида Ўзбекистон чемпиони, Хўжайли туманидан Зарапатдин Турдимуратовлар чиқди. Бир-бирига муносиб полвонлар беллашувида Зарапатдин Турдимуратов ғолиб чиқиб, бош соврин Президентнинг совғаси Spark автомашинаси билан тақдирланди.
Отчопар майдони бўйлаб отда бир, беш, етти, ўн айланиш мусобақасини кўпчилик қизиқиш билан кузатди. Ўн айланиш бўйича маррага биринчи бўлиб Қораўзак туманидаги 3-умумтаълим мактабининг 1-синф ўқувчиси Айсулув Шалабаева етиб келди. Ғолибага бош соврин – Cobalt автомашинасининг калити тантанали топширилди.