Ўзбекистон фуқаролари томонидан чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган болани фарзандликка олиш тартибига аниқлик киритилди. Бу ҳақда Norma'га асосланиб Daryo.uz хабар бермоқда.
Ўзбекистон Консуллик низомига киритилган ўзгаришларга кўра, консул хорижда яшовчи Ўзбекистон фуқароларининг бошқа давлат фуқароси ёки ўша давлатда доимий яшаш жойига эга фуқаролиги бўлмаган болани фарзандликка олишга рухсат бериш юзасидан аризаларини Ташқи ишлар вазирлигига етказиш чораларини кўради.
Бола етим ё фарзандликка олувчилар (фарзандликка олувчи)нинг яқин қариндоши ёки ватанида турли сабабларга кўра асраб олинишининг имкони бўлмаганида фарзандликка олинишига рухсат берилади. Болани фарзандликка олинишида Ўзбекистон масъул идорасининг уни мамлакатга кириши ва доимий истиқомат қилишига рухсати талаб этилади.
Хорижий давлат масъул идораси томонидан амалга оширилган фарзандликка олиш Ўзбекистонда фарзандликка олувчи шахсларга қўйиладиган талабларга риоя этилган, шунингдек, турмуш ўртоғининг болани асраб олишга розилиги бўлган тақдирда ҳақиқий деб топилади.
Эслатиб ўтамиз, «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги қонуннинг ўзгартириш киритилган 26-моддасига асосан, Ўзбекистон фуқаролари (ёки фуқаролиги бўлган эр-хотиннинг бири) томонидан фарзандликка олинган чет эл фуқароси хорижий давлат фуқаролигидан чиққан тақдирдагина Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилиниши белгилаб қўйилди.