Биласизми?

Ўзбекистонда она сути билан озиқлантиришни тарғиб этиш ҳафталиги бошланди

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигида болани кўкрак сути билан озиқлантиришни тарғиб этиш бўйича жаҳон ҳафталигида мамлакатимизнинг иштирокига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда Uz24.Uz ёзмоқда.

БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда давлат, жамоат, халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар, шифокорлар иштирок этди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, чақалоқни кўкрак сути билан озиқлантириш унинг келгуси камолотида муҳим ўрин тутади. Она сутини эмиб вояга етган боланинг иммун тизими кучли бўлади, организмининг турли инфекцияларга қарши чидамлилик функцияси ортади. Мамлакатимизда ушбу йўналишда амалга оширилаётган тиббий-ижтимоий лойиҳаларга муносиб улуш қўшаётган қарийб юзга яқин тиббиёт муассасаси ЮНИСЕФнинг «Болага дўстона муносабатда бўлувчи шифохона» сертификатига сазовор бўлган. Кўкрак сути билан озиқлантиришни тарғиб этишда фаоллик кўрсатаётган мутахассислар халқаро сертификатлар билан тақдирланган. Тадбир доирасида яна иккита шифохона ва бир гуруҳ мутахассисларга ана шундай халқаро сертификатлар топширилди. Улардан бири Наманган вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказидир.

Ҳафталик доирасида мамлакатимиздаги тиббиёт муассасаларида турли акциялар, соғломлаштириш тадбирлари ташкил этилади.