Мамлакатимиздаги барча таълим масканларида 4 сентябрь куни Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг порлоқ хотирасига бағишланган «Хотира дарслари» ташкил этилди, деб Uz24.uz ёзмоқда.
Улуғ раҳбаримизнинг Ватан равнақи, халқимиз олдидаги буюк хизматларини ёдга олиш мақсадида ташкил этилган мазкур дарсларда турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотларининг мутасаддилари, профессор-ўқитувчилар, маънавият тарғиботчилари, тарихчи олимлар, ёзувчи ва шоирлар иштирок этди.
Ўқувчилар Президентимизнинг таржимаи ҳоли билан таништирилгач, махсус мониторда намойиш этилган фильмда Ислом Каримовнинг Ўзбекистон мустақиллигининг асосчиси, мамлакат мустақил тараққиёт дастурини ишлаб чиққан ва миллий тараққиёт йўлини белгилаб берган атоқли давлат арбоби, юртимизда амалга оширилган улкан ислоҳотлар, тарихий ўзгаришларнинг ташаббускори ва раҳнамоси сифатидаги хизматлари ҳақида сўз юритилди. Мамлакатимизнинг барча таълим масканларида бўлгани каби академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида ўтган «Хотира дарслари»да ҳам Биринчи Президентимизнинг жонажон Ватанимиз буюк келажаги, тинчлиги ва осойишталиги, халқимиз фаровонлиги йўлидаги фидокорона меҳнатлари ҳақида ҳикоя қилинди.
«Хотира дарслари» мамлакатимиздаги барча таълим муассасаларида бўлиб ўтди. Юртга фидойилик, ватанпарварлик, одамийлик, ибрат сабоқларига айланган ушбу дарсларда Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг порлоқ хотираси барча ўғил-қизларнинг ёдида мангу сақланиб қолиши, улар Ватанимизни, мустақиллигимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаши, тинч ва осойишта кунларнинг қадрига етиши, юртимиздаги ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаши - бу барча юртдошларимиз каби ёшларнинг ҳам бурчи экани алоҳида таъкидланди.