Чақалоқ

Алла айтинг, жоним онам ёхуд Она алласи болага нима учун зарур?

Бола руҳиятига, кўнглига иймонни, қандай ниятларни солсак, уларнинг камолоти шунга қараб бўй кўрсатади. Бу борада алла беқиёс аҳамиятга эга. Умид юлдузи бўлган фарзандларни суйиб эркалаш, бутун борлиқ, атроф-муҳит ҳақидаги тасаввурларни гўдак қалбига сингдириш учун айтиладиган қўшиқ – алланинг қанчалик аҳамиятга эга эканлиги қуйидаги жиҳатларда ўз аксини топади:

[dropcap type="circle"]1[/dropcap]Алла – она меҳрининг самимий ифодаси бўлиб, ушбу сеҳрли оҳанг гўдак қалб-қўрида, онг-у шуурида эзгу ҳислар куртак ёзишига сабабчи бўлади;

[dropcap type="circle"]2[/dropcap]Ҳалоллик, ростгўйлик, ор-номус, шарму ҳаё, меҳр-оқибат, меҳнатсеварлик сингари фазилатлар ҳам бола вужудига, аввало, она сути, она алласи билан бирга сингади;

[dropcap type="circle"]3[/dropcap]Гўдакнинг ўз вақтида ором олиши – саломатлик учун муҳим. Ана шу ҳаётий заруратлар сирасига халқ оғзаки ижоди намунаси бўлмиш, болани ухлатиш учун айтиладиган алла қўшиқлари киради. Эзгу ҳисларга йўғрилган ёқимли куй бола руҳига ором бағишлайди;

[dropcap type="circle"]4[/dropcap]Абу Али ибн Синонинг “Тиб қонунлари” асарида чақалоқ организми ва характерини мустаҳкамлаш учун, аввало, уни енгилгина чайқатиш, силаш, сўнг, унга мусиқа эшиттириш, алла айтиш лозимлиги таъкидланган. Болада шу орқали жисмоний ҳаракат, фикрлаш ва ижодий интилишга мойиллик пайдо бўлади;

[dropcap type="circle"]5[/dropcap]Маънавий ёруғликдан баҳраманд бўлишнинг, миллий руҳда тарбиялашнинг бош бўғини – она алласи билан боғлиқ. “Она алласи фақат чақалоқнинг ором олиши учун айтилмайди, балки унинг воситасида боланинг кўнгил дунёсига миллий руҳ киради. Она тилидаги меҳр-муҳаббат, наслий туйғулар ва орзулар гўдакнинг жисму жонида илдиз отади”.

[dropcap type="circle"]6[/dropcap]Алла нафақат боланинг ором олишига, балки унинг мурғак қалбида меҳр-муҳаббат туйғуларини уйғотишга хизмат қилади. Алла эшитган инсон юрак-юрагидан меҳр туяди. Қайси миллат вакили бўлишидан қатъи назар, алла барчанинг юрагига етиб борадиган илоҳий қудратга эга;

[dropcap type="circle"]7[/dropcap]Аллада онанинг фарзанди келажагига ишончи, орзу-умидга, ширин ўйларга йўғрилган эзгу тилаклари, меҳр-муҳаббати мужассам. Чунки бола ҳаётидаги муваффақият онанинг унга бўлган эмотсионал муносабатига боғлиқ. Алла фақат эзгу тилаклар, яхши ниятлар, фарзанд руҳига мақтов ва эркалашлар, фидойилик ва ардоқ тушунчаларидан иборат эканлиги учун ҳам болани ҳар томонлама соғлом инсон бўлиб камолга етишига хизмат қилади;

[dropcap type="circle"]8[/dropcap]Мусиқа – инсон танасидаги барча ҳужайраларни ҳаракатга келтирувчи, руҳиятига ижобий таъсир этувчи кучли восита. Жумладан, она алласи ҳам гўдак танасининг яхши ривожланишига таъсир кўрсатади. Шунинг учун она алласи билан тарбияланган боланинг ақлий имкониятлари юксак бўлади;

[dropcap type="circle"]9[/dropcap]Сокин ва ёқимли мусиқа эшитиб улғайган болаларнинг гўзалликка, санъатга ихлоси, иштиёқи баланд бўлади;

[dropcap type="circle"]10[/dropcap]Айрим тахминларга кўра, алла номи «Аллоҳ» сўзидан келиб чиқиб, Яратгандан чақалоқни ўз паноҳида асрашни илтижо қилиш билан боғлиқ. Яратганга қилинган илтижоли нидолардан сўнг дунёни титратадиган энг гўзал ва энг тоза моҳият шу қўшиқда жам бўлади.

Жон билан бирга, қон билан бирга инсон ботинига сингадиган бу дилбар хониш миллий қадриятларимизнинг бебаҳо намунаси ҳисобланиб, у гўдак хотирасида умрбод муҳрланиб қолади. Фарзанд учун ўз онасидан меҳрибонроқ зот йўқ. Ва онасининг алласидан, унинг оҳангидан ёқимлироқ куй ҳам ёъқ.

Ёш оналар, балоғатга етган қизларнинг баъзилари алла айтишни билмаслиги ҳам бор гап: бола тун давомида тиним билмай йиғлаганда, баъзи ёш оналар болани юпатишга уриниб, хонанинг у бурчагидан бу бурчагига зир қатнашига гувоҳи бўламиз. Шундай пайтларда бола қулоғига онанинг ёқимли овози, меҳрга қоришиқ алласи керак…

Бешик. Бешикда гўдак. Аёл бешикни тебратиб алла айтаяпти. Қандай гўзал манзара, шундай эмасми?!

Алла айтиш санъатини ўрганиш, бу орқали фарзандга ўзбек онаси маънавиятини етказиш, ўзлигини англатиш – ёш оналарнинг фарзанди олдидаги бурчлардан бири.