Биласизми?

Похол шляпа – мактаб формаси

Мактаб формаси қачон пайдо бўлган деган саволга тарихчилар икки хил жавоб беришади. Бир гуруҳи Қадимги Грецияда деса, яна бир гуруҳи Қадимги Ҳиндистонда деган фаразни илгари суришади. Аммо шуниси аниқки, ҳозирги кунда дунёнинг барча мамлакатларида ўқувчилар мактабга махсус формаларда боришади. Буюк Британияда ҳар бир мактаб ўз талабларидан келиб чиқиб ўқувчилар учун форма жорий қилади. Масалан HARROW да ўғил болалар костюм-шим билан бирга похол шляпа кийишлари шарт. ELIZABETH GARRET ANDERSON мактабида эса ўқувчиларнинг ўзи пушти чизиқли костюмни форма сифатида танлашган. Буюк Британиядаги айрим мактаблар эса ўқувчилар формасида шу ўқув муассасининг махсус белгиси ёки герби бўлишини талаб қилишади. Францияда ўқувчилар учун бир хил кийим 1927-1968 йилларда, Польшада 1988 йилда жорий қилинган. Германия ва Швецарияда эса мактаб ўқувчилари спорт кийими кўринишидаги форма кийишади. Ҳиндистонда ўғил болалар тўқ кўк шим ва оқ кўйлакда, қизлар оқ кофта ва кўк юбкада дарсга киритилади. Баъзида бу ранглар тўқ қизилга алмашиши ҳам мумкин. Баъзи мактабларда қизларга байрам кунлари сари кийишга рухсат берилади. Ўтмишда Британия мустамлакаси бўлган Сингапурда ҳам ягона мактаб формаси мавжуд эмас. Бу ерда ўқувчилар кийими ҳар бир мактаб учун алоҳида бўлиб, улар ранги билан бир-биридан фарқ қилади. Сингапур мактабларида ўғил болалар калта шим ва калта енгли кўйлак, қизлар эса кофта-юбка ёки сарафан кийишади.  Сингапурликлар безакларга ўч бўлишади ва мактаб формасини ҳам обдон ясатишади. Австралия ва Янги Зеландия ўқувчилари иқлим иссиқлиги туфайли калта шим, кўйлак ва кенг соябонли бош кийим  кийишади. Ямайкада эса мамлакат бўйича бир хил форма жорий қилинган.  Бу ерда нафақат костюм-шим, балки пайпоқ ранги ва туфли пошнаси учун ҳам алоҳида талаблар ишлаб чиқилган.Ўғил болалар учун кўйлак-шим, қиз болалар учун тиззадан тушиб турувчи мактаб номи туширилган сарафанлар кформа ҳисобланади. Африкада ўқувчилар формаси турли хил: сабзиранг, яшил, бинафшаранг, сариқ бўлиши мумкин. Ҳар бир ўқув муассасаси ўқувчиларга ёққан рангни танлайди. Хитойлик тенгдошларингиз спорт кийими кўринишидаги форма кийишади. Хитойда Ўғил болалар совуқ мавсумда тўқ рангли камзул ва шим, ёзда эса кўйлак- шорти, қизлар эса оқ кофта ва кўк юбка кийишади.  Хитойлик ўқувчилар  қизил бўйинбоғ тақишлари шарт. Япониялик ўқувчилар “Сейлор фуку” деб аталувчи матросларникидек йўл-йўл костюм, қизлар эса узун оқ пайпоқ, кулранг, қат-қат юбка, ёқали оқ кофта кийишлари керак. АҚШ ва Канада мактабларидаги форма рангига қараб фарқ қилади. Кўпинча бу мамлакатлар ўқувчилари форма учун тўқ кўк, кулранг, тўқ яшил рангларни танлашади.  Қизлар эса катак матодан юбка кийса, ўғил болалар йўл-йўл бўйинбоғ тақади. Россияда ҳам малакт бўйича бир хил форма мавжуд эмас. Россиялик ўғил болалар оқ кўйлак, қора шим,  қизлар эса қора матодан кўйлак ва оқ фартукда мактабга боришади. Юртимизда ҳам ҳозирда ўқувчилар учун турли хил кўринишдаги  мактаб формалари мавжуд. Келинг яхшиси бу ҳақда кейинги сонларда гаплашамиз, азиз синфдош!

Саида Ибодинова