Ишдаги ҳамкасбларга ўз фарзандларингиз ҳақида гапириш керакми ёки йўқ? Экспертларнинг бу масаладаги фикрлари турлича бўлиб чиқди: кимдир бу умуман мумкин эмас, деса; иккинчиси меъёрни билиш керак, деб ҳисоблайди; яна бошқаси ҳаммаси ота-она нима ҳақида гапиришига боғлиқ, дейди.
Ишхонадаги муносабатларга ихтисослашган психолог Жессика Прайс Жонс ишонч билдиришича, агар карьера қилмоқчи бўлсангиз, ҳамкасблар билан шахсий ҳаётингизга хос тафсилотларни, айниқса, болалар билан боғлиқ маълумотларни очиқдан-очиқ бўлишиш умуман мумкин эмас.
“Ишда ўзингизни ҳужумга қўйиб бериш, ўз заифликларингизни кўрсатиш керак эмас, чунки бу бошқаларга сизнинг ўрнингизни эгаллаш имкониятини беради”, — дея таъкидлади Жонс.
Аммо бу фикр ҳамма учун ҳам тўғри келмайди: оталарнинг фарзандлар ҳақидаги ҳикоялари уларни ижобий томондан кўрсатади, уларни меҳрибон ота деб қабул қилишади ва бу уларнинг карьерасига ҳеч ҳам тўсиқ бўлмайди. Аммо оналар учун вазият бутунлай бошқача: ишхонада “болалар” муаммосини тинмай муҳокама қилаверсангиз, сизни карьера зинасидан чиқишда қурбон қилиш мумкин бўлган “заиф бўғин” деб қабул қилишади.
Бундай ачинарли ҳолатни аноним онлайн-сўров натижалари ҳам тасдиқлади. 2015-йил охирида гендер тенглигига бағишлаб ўтказилган сўровда 8 мингдан ортиқ киши, жумладан, 2,5 минг нафар ёш болали ота-оналар қатнашди. Иштирокчиларнинг 46 фоизи аёл фарзандли бўлгач, ўз хизмат вазифаларини бажариш қобилияти сусайишига ишонч билдирди. Худди шундай фикрни эркакларга нисбатан 11 фоиз респондентларгина билдирди. Шу билан бирга, сўралганларнинг қарийб учдан бир қисми эркак киши ота бўлгач, ишини аввалгидан-да қойиллатиб бажара бошлайди, деган фикрда.
Ота-оналарга бағишланган Mumsnet сайти экспртлари ишлайдиган оналарга қуйидагича маслаҳат беради: “Ёдда тутинг, олтин қоида мана шундай: уйда вақтингизда ҳадеб иш ҳақида гапираверманг, бундан ҳам муҳими эса, ишда вақтингизда ҳадеб фарзандларингиз ҳақида гапираверманг”.