Биласизми?

Қора смородина диареядан халос этади

Қора смородина — қорағат ҳам тенги йўқ таъмга эга, ҳам организм учун жуда фойдали мева. Шунинг учун ҳам уни барча севиб истеъмол қилади. Шифобахш элементларга бой таркибий қисми туфайли смородина халқ табобатида кенг қўлланилади.

Витаминлар кони

Қора смородина меваси ўзида Б, ПП витаминларини, А провитаминини, қанд, пектин моддаси, фосфор кислотаси, эфир мойи, ошловчи моддалар, Б гуруҳидаги витаминлар, каротин, калий тузи, фосфор тузи ва темир моддаларини етарлича сақлайди.

Унинг баргларида эса фитонсидлар, магний, марганес, олтингугурт, кумуш, мис, қўрғошин, эфир мойи ва C витамини сақланади. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, айнан С витамини туфайли у бошқа резавор мевалар орасида юқори ўринда туради. Организмда аскорбин кислотаси етарлича бўлиши учун ҳам ундан кунига 15 20 дона истеъмол қилиш лозим.

Қора смородина саратон ва юрак-қон томир касалликлари хавфининг олдини олади, ақлий қобилиятнинг сусайишига ва кексайишга қаршилик қилади. Бундан ташқари у қандли диабет хасталигини енгиллаштириш, кўзнинг ўткирлашиши ва кўриш қобилиятининг кучли бўлишига ёрдам беради.

Буйрак ва пешоб йўлидаги тошни туширади

Бунинг учун сирли идишга 5 10 дона смородина барги ва 10 15 дона мевасини солиб, устидан 2 стакан қайноқ сув қуйинг ва 30 дақиқага бостириб қўйинг. Дармондори тайёр бўлгач, ундан кунига 3 4 маҳал 1 стакандан ичинг. Иложи бўлса, дамламани ҳар ичишдан олди, янгидан тайёрланг.

Бундан ташқари, бу дамлама жигар фаолиятини яхшилайди, атеросклерозга фойда беради ва нафас йўлидаги муаммолардан халос этади.

Қора смородина таркибидаги C витамини — антотсианидин етарли миқдорда сақланади. Шунинг учун бўлса керак, бу мева шамоллашга қарши курашиш ва дезинфекциялашга жуда катта ёрдам беради.

Халқ табобатида бу мевадан кўпинча дамлама (чой) ҳолатда фойдаланилади. Қора смородина дамламаси диарея ва ҳарорат кўтарилишидан халос этади.

Смородинали ширинликлар авитаминозга даво

Дарҳақиқат, бундай ширинликлар, яъни смородинали мураббо ва компотларни мавсум вақтида тайёрлаб, банкаларга ёпиб қўйсангиз, баҳор фаслида айнан витамин етишмовчилигидан қийналаётганда оилангиз билан истеъмол қиласиз. Қарабсизки, авитаминоз енгилади.

Бундан ташқари бу ширинликни оғир касалликдан тургандан кейин ёки жарроҳлик амалиётидан сўнг истеъмол қилсангиз, иммунитетингиз кўтарилади ва қувватга кирасиз.

Қандай касалликлардан холос этади?

  •  Бундай қайнатма, энг аввало, камқонликдан халос этади.
  • Шунинг билан биргаликда, гипертония, тиш милклари шамоллаши ва қонаб қолиши, ошқозон яраси, ўн икки бармоқли ичак хасталиклари ва гастритни даволайди.
  • Смородина барги қайнатмасидан қилинган ванна теридаги турли хил тошмаларни, тери касалликларини бартараф этади.
  • Смородина барги дамламаси эса организмдаги пешоб тиқилишининг олдини олади.
  • Бундан ташқари, смородина барги дамламаси шифобахш терлатувчи, енгил юмшатувчи ва модда алмашинувини меёрлаштирувчи сифатида шамоллашдан азият чекаётган беморга фойда келтиради.
  • Қора смородина шарбатини асал ёки шакар билан ичсангиз, йўталдан халос бўласиз.
  • Бу мева шифобахшликда ва С ҳамда В гуруҳидаги витаминларни сақлаш жиҳатидан наъматакдан кейинги ўринда туради. Шунинг учун ундан иштаҳа очиш, қувватланиш ва инфекциядан халос бўлишда фойдаланилади.
  • Смородина таркибидаги фитонсидлар ёрдамида олтин ранг стафилококк, микроскопик замбуруғлар туфайли юзага келадиган касалликлар, жумладан, дизентерия енгилади.
  • Қора смородина дамламаси ва мевасининг ўзи гриппнинг А ҳамда Б вирусларини йўқотади ва иммунитетни кўтаради. Ич қотиши, қабзиятнинг олдини олади.
  • Асаб системаси фаолияти бузилганда эса қизил смородина ейиш лозим. Чунки унда тинчлантирувчи хусусият бор.

Смородинадан рецеплар

  • Шамоллаганда, йўтал безовта қилганда, ошқозон-ичак тракти фаолияти бузилганда, оғиз бўшлиғи ва томоқ йўллари яллиғланганда фойда бўладиган дамламани тайёрлаш учун, аввало, 1 ош қошиқ смородина мевасини идишга солиб, устидан 1 стакан қайноқ сув қуйинг ва 1 2 соат давомида бостириб қўйинг. Дармондори тайёр бўлгач, ундан кунига 3 4 маҳал овқатдан олдин 1 стакандан қабул қилинг.
  • Смородинанинг янги новдачаларини майда тўғраб, идишга солинг ва 7 10 дақиқа давомида паст оловда қайнатинг. Қайнатма тайёр бўлгач, уни синга, лавша, зангила каби милк касалликларига қарши қабул қилинг. Бундан ташқари, мазкур қайнатма билан кунига 2 3 маҳал оғизни чайиб туришнинг ўзи анча фойда беради.
  • Қора смородина барги дамламаси пешоб ҳайдовчи дармондори сифатида ҳам қўлланилади. Чунки унда систит, пиелонефрит ва пешоб йўлидаги тошларни ҳайдаш хусусияти бор. Бунинг учун 5 6 ош қошиқ қуритиб майдаланган смородина баргини идишга солинг ва устидан 1 л қайноқ сув қуйиб, 1 2 соатга бостириб қўйинг. Дармондори тайёр бўлгач, ундан кунига 5 6 маҳал овқатдан олдин 1 стакандан ичинг. Мазасини ва қувватлилигини оширмоқчи бўлсангиз, унга қанд ёки асал қўшиб ичишингиз ҳам мумкин.
  • Бўғимлардаги оғриқ (подагра) ва ревматизмдан халос бўлмоқчимисиз? Бунинг учун 1 ош қошиқ қуритиб майдаланган смородина баргини идишга солинг ва устидан 1 стакан қайноқ сув қуйиб, 1 2 соатга бостириб қўйинг. Дармондори тайёр бўлгач, уни сиздириб олинг ва ундан кунига 4 5 маҳал овқатдан олдин 0, 5 стакандан ичинг.
  • Қора смородинадан янги тайёрланган шарбат ошқозон ҳамда ўн икки бармоқли ичак яраси ва жигар хасталигига қарши шифобахш дармондоридир. Бунинг учун ундан кунига 2 3 маҳал овқатдан 30 дақиқа олдин 1 стакандан ичсангиз, кифоя.
  • Смородина мевасидан шакар аралаштириб тайёрланган дармондори атеросклероз ва гипертоник касалликларга қарши қўлланилади. Бунинг учун 1 ош қошиқ смородина мевасини идишга солинг ва устидан 3 ош қошиқ қайноқ сув қуйиб, 30 дақиқага бостириб қўйинг. Дармондори тайёр бўлгач, ундан кунига 2 3 маҳал овқатдан 30 дақиқа олдин 1 ош қошиқдан қабул қилинг.

Қора смородина ошхонада

Энг аввало, смородинали ширинликлар иштаҳа очувчи бўлгани учун ҳам тайёрланади. Айниқса, юқорида айтганимиздек, айни баҳор фаслининг иликузилди даврида бу ширинликлар қувватлантирувчи, иммунитетни кўтарувчи ва анемиядан халос этувчи дармондори сифатида сизга ёрдамга келади. Шунинг учун смородинадан мураббо, компот, шарбат, кисел, соус, вино, жем ва турли хил пишириқлар тайёрлаш тавсия этилади.

Агар айни дамда, яъни смородина пишиқчилиги даврида ундан банка ёпишга илож топа олмасангиз, мевани қуритиб олинг ва яхшигина қуриб қолгач, сеткали халтачаларга солиб, баҳаво жойга илиб қўйинг. Ёки музлаткичнинг алоҳида тортмасига солиб қўйинг. Қишда ёки баҳорда ундан фойдаланмоқчи бўлсангиз, исталган ҳолатда истеъмол қилишингиз мумкин.

Манба: Avitsenna.uz