Биласизми?

Россияда боласи олиб қўйилган ўзбекистонлик аёл фарзанди билан Ўзбекистонга қайтди

Аёл яшаган Кунцево тумани суди қарори билан Нилуфар Мамасаидова 12 декабрь куни кечки рейс билан Москвадан Ўзбекистонга учиб келган. Бу ҳақда Qalampir.uz хабар бермоқда. Маълумотларга кўра, бундан буён улар Андижон вилоятида истиқомат қилишади.

Декабрь ойида Кунцево тумани ички ишлар бўлинмаси Нилуфар Мамасаидованинг ҳужжатлари йўқлиги сабабли уни 69 соат давомида ҳибсда ушлаб туришган. Унинг Москвада туғилган 1 ёшли қизини эса олиб қўймоқчи бўлишган, бироқ қизалоқ юқори тана ҳарорати билан хасталиги туфайли юқумли касалликлар шифохонасига етказилган. Қизалоқ у ерда 16 кун давомида даволанган.

Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги элчихонаси Нилуфар Мамасаидовага шахсини тасдиқловчи сертификат, Кунцево ФҲДЁ бўлимидан қизининг туғилганлиги тўғрисида маълумотномаларни тақдим этди. Кўнгилли кишилар гуруҳи унинг Ўзбекистонга қайтиши учун пул йиғиб беришди. Тўпланган пул эвазига авиачипта харид қилинди.