Самокат — бу нафақат вақтни чоғ ўтказиш ва яхши кайфият гарови, балки фойдали транспорт воситаси ҳамдир. Самокатда доимий равишда учиш болаларга икки ёшдан бошлаб фойда келтиради.
Самокатнинг конструкцияси шунчалик оддийки, болада “У қандай юради?” ёки “Йиқилиб кетмайманми?” деган саволлар пайдо бўлмайди. Айнан унинг соддалиги ота-онага ўз фарзандини ёш пайтидаёқ самокат спорти билан таништириш имконини беради. У орқали бола мувозанатни сақлашни ўрганади ва велосипедга осонлик билан ўтади.
Самокатда учишнинг соғлиқ учун фойдалари қуйидагилардан иборат:
- Оёқ мушаклари
Авваламбор, самокатда учиш орқали бола оёқ мушакларини мустаҳкамлайди. Бундан ташқари, самокат бошқа болалар транспорт воситаларидан фарқли равишда, мушакларнинг барча турларини бир вақтнинг ўзида ривожлантиради:
- бола самокатга иккала оёғини ҳам қўйганида соннинг кенг мускул пардалари таранглашади;
- самокатда тезлик билан учганида тўрт бошли сон мушаги фаол ҳаракатга келади;
- товонни ерга тираб учган вақтда барча пастки пайлар иштирок этади.
Бор-йўғи 1—2 соат давомида самокатда учиш оёқнинг барча мускул тизимлари учун тўлиқ ва фаол машқ ҳисобланади.
- Нафас ва юрак-қон томир тизими
Самокатда ҳаракатланиш чоғида бола фаол равишда нафас олади. Тинч ҳолатда бир дақиқада бола 15—18 марта нафас олиб-нафас чиқаради. Организмга етарли миқдорда кислород кириши учун у икки марта кўпроқ нафас олиб-чиқариши керак, бу ўпка учун нормал табиий вентиляция ҳисобланади.
Шу туфайли самокатда учиш нафас тизимида муаммолар бўлган, жумладан, астма билан касалланган болалар учун тавсия этилади.
- Диққат, эпчиллик, вестибуляр аппарат
Бошқа ҳар қандай спорт билан шуғулланиш вақтида бўлганидек, бола самокатда учаётиб, ўз диққатини жамлайди. У мунтазам равишда ўз нигоҳини яқин нуқталардан узоқдагиларига кўчиради, ва шу тариқа, кўзини машқ қилдиради.
Самокатда учиш эпчиллик ва абжирликни шакллантиради.
Самокатда йиқилмасдан туриш учун бола ўз мувозанатини сақлайди, бу эса вестибуляр аппарат учун энг яхши машқ ҳисобланади.
Мақолани тайёрлашда “Всё о детях” портали маълумотларидан фойдаланилди.