Хитойнинг Харбин шаҳрида яшовчи 11 ёшли Ли Ханг исмли бола 165 килограмм вазнга эга бўлиб, у Прадер-Вилли синдроми деб аталувчи ирсий касалликка чалинган, деб хабар берди Darakchi.uz нашри.
Ли Хангга ошқозонни кичрайтириш юзасидан ўтказилган операция ёрдам бермагач, у анъанавий Хитой тиббиёт усулида даволанишга мажбур бўлди. Уни ота-онаси Чаньшун шаҳрида жойлашган касалхоналардан бирига олиб боришди. Бу ерда болага банка қўйиб, игна билан даволашди. Даволашнинг келгуси босқичида “ёғни эритиш” мақсадида унинг танасига “ўт қўйишди”. Албатта, бундай даволаш усулларини қабул қилиш, бечора Лига осон бўлмади.
Прадер-Вилли синдромига чалинган Ли Ханг 4 ёшда эканлигида унинг вазни 43 килограммни ташкил этган. У жадаллик билан семиравергандан кейин ота-онаси уни даволатишга ҳаракат қилди. Семиришдан ташқари Лида гипертония, ёғли гепатоз ва подагра касалликлари аниқланган. У даволанаётган касалхонадаги 53 нафар беморнинг 7 нафари болалардир.
Фотосуратлардан касалхонадаги маҳаллий мутахассислар аждодларидан қолган тиббий усуллар ёрдамида семириб кетган беморларни даволашаётганлигини тушуниш мумкин. Олов ёрдамида даволаш асосан семизликдан ва қабзиятдан азият чекаётган беморларда қўлланади. Бунда беморнинг танасига спиртда намланган ҳўл сочиқ ёпилиб, ўт қўйилади. Бу даволаш усули турли оғриқларни йўқотишда қўл келади.