Бу йилги қиш қуруқ ва иссиқ келди. Одамларнинг айтишича, қор кўп ёзса ва ҳаво совуқ бўлса, вируслар ўлар экан. Аксига олиб баҳор ҳам худди ёздай бошланди. Натижада кўпчилик катталар ва болалар гриппга чалинаяпти. Қиш ўрталарида мен ҳам шамоллаб қолдим. Йўтал, иситма, бош оғриши ва ҳоказолардан қутулиш учун аптекама-аптека юриб ҳар хил қиммату арзон дориларни сотиб олиб ичдим, турли муолажаларни қилдим. Шамоллаш эса ҳеч узоқлашай демади, аксинча, уйдагиларга ҳам юқтирдим. Шунда “Фейсбук”даги бир гуруҳда ўқиган усулни қўллашга қарор қилдим. Маҳалламиздаги дала дўконига бориб, бир килограмм қора турп сотиб олдим.
Интернетда ёзилганидай унинг тепасидан қопқоқсимон кесиб олиб, ичини ўйдим ва асал солиб, “қопқоқ”ни ёпиб қўйдим. Алоҳида косага эса турп ичидан олинган майда бўлакларни кубиксимон қилиб тўғраб, унга ҳам асал (битта турпга уч-тўрт ош қошиқ асал қўшдим) аралаштирдим ва биргаликда иссиқроқ жойга қўйдим.
Орадан беш-олти соатча вақт ўтганидан кейин турпнинг суви чиқиб, ташқарига ҳам тошиб кетаётганини кўрдим. Демак, тайёр. Косада ҳам турп суви тўлиб турган экан. Сувни сизиб олиб, ўзим ва оилам билан кунига уч маҳал бир ош қошиқдан (ўзим борей, деб икки қошиқдан) ичдик. Қора турпнинг таъсири дарҳол сезилди. Бир кунда йўтал юмшаган бўлса, икки-уч кунда ундан асар ҳам қолмади. Айтганча, битта турп уч кишининг тузалишига кифоя қилди.
Шахсий тажрибамдан келиб чиқиб, қора турп пўстлоғини арчиб, майда кубиксимон тўғраб, асалга аралаштирилганда кўпроқ сув олиш мумкинлигини айтмоқчиман.
Қора турпни Фарҳод бозорида 5 минг сўмдан сотишаётган экан (дала дўконимизда эса 2,5 минг). Тоза асални топиш ҳам муаммо эмас ҳар ҳолда.
Интернетда “қора турп” деб қидирувга бергандим, унинг шифобахш хусусиятларига бағишланган бир олам маълумотлар чиқиб келди. Йўтал, кўкрак шамоллаши, томоқ оғриғидан ташқари, ичаклар фаолиятига самарали таъсир қилиб, танадан ортиқча холестеринни чиқариб ташлашга кўмаклашар экан. Уни эмизикли аёллар истеъмол қилса, сутни кўпайтиради. Барги, баргининг суви эса жигар тўқималарини очади. Қора турп оғриқ қолдириш, пешоб ҳайдаш хусусиятига эга. Бод, миозит, невралгия каби хасталикларни даволашда қўл келади. Хуллас, табиатнинг ўзи табиб, дейишадику.
PS: Қора турп тополмасангиз, оддийсидан ҳам фойдаланаверинг, у ҳам жуда шифобахш. :)