Биласизми?

Шоҳимардонлик 3 ёшли қизалоқнинг ноёб қобилияти барчани лол қолдирмоқда

Фарғона вилоятидаги Шоҳимардон қишлоғида кўплаб истеъдодли ёшлар истиқомат қилади.

Айниқса, Афифа исмли уч ёшли қизалоқнинг ноёб истеъдоди ҳақидаги гаплар вилоят марказигача етиб борган, деб ёзади Darakchi.uz.

“Энди тили чиқа бошлагандаёқ қизимнинг хотираси кучли эканини пайқагандим.Қандай эртак ўқиб бермайлик, бутун матнни болаларга хос тилда қайта ҳикоя қила оларди. Бир куни бувиси давлатлар номи, уларнинг пойтахтлари ҳақида гапириб берди. Қизим барчани лол қолдириб, худди ўша тартибда бирма-бир қайтарди. Кейин глобусдан мамлакатлар жойлашувини тушунтирди. Афифа ҳеч қийналмасдан ўша давлат ва унинг пойтахтини кўрсатар ва номини айтарди”,— дейди қизалоқнинг онаси Маҳлиё Қўшоқова.

“Қизиқишимиз ортиб, биз ҳам қитъа ва давлатлар номини атайлаб чалкаштириб айтдик. У ҳеч адашмай “ер шари”дан ўша қитъа ёки давлатни топди ва пойтахти фалон шаҳар деб, жажжи бармоқлари билан кўрсатди. Умуман, дунё харитасидан 183 давлатни ҳеч қандай хатосиз кўрсатиб берди”,—дея сўзларини давом эттиради Афифанинг онаси.