Саломатлик

Танамиздаги қалқон

У нега керак? Инсон саломатлиги учун сув ва ҳаводек зарур микроэлементлардан бири, бу — ёд бўлиб, ушбу микроэлемент инсонда ақлий ривожланиш, организмнинг ўсиши, ривожланиши ҳамда моддалар алмашинувига кўп томонлама фойдали таъсир кўрсатади. Бундан ташқари, ёд салбий ташқи омиллардан  танамизни ҳимоя қилиш вазифасини бажарувчи қалқонсимон без фаолиятида ҳам муҳим ўрин эгаллайди. Ўртача оғирликдаги инсон (тана вазни 70 кг.) организмида 12-20 мг. ёд мавжуд бўлиб, унга бўлган кунлик эҳтиёж тахминан 0,2 мг.ни ташкил этади. Ёд табиий ҳолатда денгиз маҳсулотларида кўп учрайди ва денгиз бўйига яқин жойларда истиқомат қилувчи аҳолида ёд етишмаслиги деярли сезилмайди. Денгиздан узоқ бўлган мамлакатларда эса ёдга бўлган талабни асосан озиқ-овқат маҳсулотлари билан қондириш мумкин.

ЁД ЕТИШМАГАНДА Аниқланишича, ёд етишмаслиги бола миясига салбий таъсир кўрсатиб, тузатиб бўлмас оқибатларга олиб келади. Ҳатто унинг мўтадил кўриниши ҳам интеллектуал қобилиятнинг ўртача 10 фоизгача пасайишини юзага келтиради. Ёд этишмаслиги кузатилган болаларда руҳий ва жисмоний ривожланишнинг ортда қолиши, бўйи секин ўсиши, маълумот қабул қилишнинг қийинлашиши, хотира ва фикрлаш жараёнининг ёмонлашиши билан намоён бўлади. Бундай бола ва ўсмирларнинг умумий англаш фаолияти, дарсларни ўзлаштиришга бўлган қарашлари ва интилишлари сусаяди. ТАВСИЯ ҚИЛИНАДИ Ёдланган туз истеъмол қилиш, денгиз масулотлари, масалан денгиз карами, денгиз балиғи кабиларни мунтазам истеъмол қилиш. Хурмо, ёнғоқ, олма, нўхат, мол гўшти, помидор, картошка каби маҳсулотлардан кўпроқ истеъмол қилиш ҳам организмнинг ёдга бўлган эҳтиёжини қондиришда ёрдам беради. Шунингдек йилда бир марта шифокор эндокринолог кўригидан ўтиб,таркибида ёд сақловчи дори-дармонларни қабул қилиш керак.

Саида  Ибодинова тайёрлади.