Саломатлик

Танглай муртакларининг яллиғланиши - ангина

Танглай муртакларининг яллиғланиши натижасида юзага келадиган касаллик - ангинадир. Ангина (ёки тонзиллит) тез-тез такрорланиб турса, ота-она танглай муртакларини олиб ташлашга қарор қилади. Ундай қилишга шошилманг. Танглай муртакларини асоссиз ва ҳақиқий заруриятсиз олиб ташлаш салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Ангина касаллиги болани ҳам ота-онасини ҳам қийнаб юборади. Биринчидан, у тез-тез такрорланиб туради, иккинчидан, уни даволаш механизми (танглай муртакларини ювиш, физиомуолажалар ва ҳоказо) болага оғриқ ва стресс келтриади. Бундан болани кўрган ота-она танглай муртакларини олиб ташлашни афзал кўради. "Танглай муртаклари бўлмаса, яллиғланиш ҳам йўқ", деб хато фикр қиладилар.

Аслида танглай муртаклари бола организми учун ҳимоя воситасидир. У биринчи бўлиб томоқ тизимида ташқи муҳитдан ўзига инфекция ва бактерияларни олади. Шу билан уларнинг янада чуқурроқ ўтишига тўсқинлик қилиб бошқа томоқ органларини яллиғлантиришдан ҳимоя қилади. Танглай муртаклари олинган болада ангина касаллиги юзага келмаслиги билан ундан оғирроқ бўлган ларингит ва траҳеитлар билан бола касалланишда давом этади.

Шунинг учун танглай муртакларини олиб ташлашдан олдин бунга ҳақиқий зарурият борлигига амин бўлиш лозим, яъни:

1. Даволанишнинг фойдаси бўлмади. Лекин бу бутунлай асос эмас. Авалламбор қуйидаги саволларга жавоб олиш лозим:

  • Даволаниш ўз вақтида амалга оширилганми?
  • Даволаниш механизми тўғри қўйилганми?
  • Даволаниш анализлар натижасига кўра белгиланганми?
  • Даволанишдан ташқари йилда икки марта профилактика тадбирлари олиб борилганми?
  • Болани чиниқтириш тадбирлари қилинганми?
  • Даволаниш мунтазам равишда (йилда 2-3 марта) олиб борилганми?

Муҳим! Болани танглай муртаклари яллиғланиши (ангина)дан даволаганда қулоқ, бурун ва томоқ касалликлари шифокори билан бир қаторда иммунолог назоратида бўлиш шарт. Чунки танглай муртаклари бу организм ҳимоя тизимининг (иммунитетининг) бир қисмидир. Уларнинг яллиғланиши эса иммунитетда заифлик борлигидан далолат беради.

2. Токсик ва аллергик асоратлар юзага келди. Агар ангина асорати сифатида болада юрак ва бўғим касалликлари, ревматизм, буйракка зиён ва бошқа салбий оқибатлар намоён бўлаётган бўлса, танглай муртакларини олиб ташлаш тавсия этилиши мумкин. Лекин бунда ҳам ангинани юзага келган касалликлар билан боғлиқлигини махсус тиббий йўллар билан аниқлаш талаб этилади. Баъзи касалликларнинг пайдо бўлишига ангина сабабчи бўлмаслиги ҳам мумкин.

3. Паратонзиляр абссес. Бу ҳолатда танглай муртаклари тезда олиб ташланиши шарт. Чунки йиғилган йиринг танглай муртакларидан ёрилиб чиқиб томоқ томон тарқалиб кетиши мумкин. Бу жуда хавфли ҳолатдир.

Танглай муртаклари жарроҳлик йўли билан олиб ташланади. Бунда оддий скалпел, лазер ва улрта товушли воситалардан фойдаланилади.

Танглай муртаклари олинган бола операциядан сўнг 2-3 йил педиатр назоратида бўлиши лозим. Чунки бу, биринчидан, организм учун катта стресс, иккинчидан томоқни ҳимояловчи орган энди йўқ ва учинчидан боланинг иммунитети пасайиб кетган.