Биласизми?

Тиш чиқиши билан боғлиқ муаммолар

Болада тиш чиқиши асосан 6 ойдан бошланиб, 2.5-3 ёшига қадар маълум бир тартибда барчаси чиқиб бўлади. (Тиш чиқиш жадвали) Лекин бу муддат ва тартиб боланинг овқатланиши, генетик ривожланиши ва бошқа сабаблар туфайли ҳар хил бўлиши мумкин. Агар олдин тиш чиқишининг кечикиши рахит белгиси деб таъкидланган бўлса, ҳозирги кунга келиб, жисмонан соғлом болада ҳам тиш чиқиши нормадан кечикиши ёки олдинроқ бўлиши мумкин эканлиги аниқланди. Тиш чиқиш жараёни айрим болаларда муаммолар келтириб чиқариши мумкин.

Ота-оналар қуйидаги ҳолатларга алоҳида аҳамият бермоқлари лозим:

- Тиш чиқиши жадвалдаги муддатлардан 2-3 ойга кечикиши; - Тишнинг жадвалдаги муддатдан 2-3 ой олдин чиқиши; - Тиш чиқиш тартибининг бузулиши; - Тиш чиқиши милкдаги тишлар қаторидан бўлмаслиги; - Тишнинг нотўғри шаклланиши; - Туғилишдан олдин тиш чиқиши.

Юқоридаги ҳолатлар касаллик ҳолати эмас, лекин бола организмида маълум патологик жараён мавжудлигидан далолат беради.

Тиш чиқаётганда, кўп сўлак оқишини, бола тажанг бўлишини, оғзига қўлини ёки ўйинчоқларни солиб юришини, иштаҳа йўқлигини, уйқуси бузулишини кузатишимиз мумкин.

Бола тиши чиқаётганда унинг қийналишини қандай енгиллаштириш мумкин:

1. Тиши чиқаётган пайтда болага икки баробар кўпроқ меҳр ва эътибор;

2. Резинали, пластмассали бола тишлаб юрадиган ва тиш чиқишини осонлаштирувчи махсус ўйинчоқлар (болада оғриқ жуда сезиларли бўлса, бу ўйинчоқни беришдан олдин музлатгичда совутиб берсангиз, оғриқни ҳам олади);

3. Онанинг тоза қўлларини дока билан ўраб бола милкларини аста-аста массаж қилиш (дока муздек бўлса ҳам яхши);

4. Педиатр белгилаган оғриқни босувчи дори;

5. Тиш оғриғини сездирмайдиган махсус гельлар.

(айрим болаларда бундай гельлар тиш чиқиш жараёнини секинлаштириб қўйиши мумкин).

Мақола ёққан бўлса, дўстларингиз билан бўлишинг!

Манба: Uzbaby.uz