1 июнь куни Тошкентнинг Ёшлар ижодиёти саройида "Болажонлар-ширинтойлар" республика болалар мода фестивали ўз ниҳоясига етди, деб Kun.Uz ёзмоқда.
Коллекция намойишида "Томоша", "Тантана" ва Diamonds kids болалар ижодий гуруҳларининг ёш моделлари, шунингдек 2 ёшдан 13 ёшгача бўлган "Колибри" арт-бюро мода мактабининг 180 нафар тарбияланувчилари иштирок этишди.
Фестиваль уч босқичдан иборат бўлиб, биринчи босқичда тахминан 100 нафар дизайнер болалар либоси коллекцияси эскизлари билан қатнашишди. Иккинчи босқичда либос конструкцияси, технологик ишлов бериш хусусиятлари ва бошқа параметрлар инобатга олинди. Танловнинг учинчи - финал босқичи учун 59 нафар дизайнер томонидан яратилган 40та коллекция танлаб олинди. Танловда Қорақалпоғистон республикаси, Тошкент, Андижон, Фарғона ва Самарқанд вилоятларидан келган профессионал дизайнерлар билан бирга шу йўналишдаги олий таълим муассасалари талабалари ҳам иштирок этишди.
Дизайнерлар Дилёра Каримова, Маргарита Исакова, Наргиза Ўрозова, Зебунисо Ғаниева, Севара Зуфарова, Умид Комилов, Шаҳзод Маҳмудов, Камола Жўраева, Шаҳноза Қобилова ва Умида Ҳамидова Болалар мода танлови ғолиблари деб эълон қилинди.