“Мафтункор ранглар жилоси” – бу мана бир неча йиллардан буён ногирон болалар ўртасида ўтказиб келинаётган расмлар танловининг номи. Унда тақдир битиги сабаб имкониятлари чекланган болалар ўз иқтидорларини кўрсатадилар. Дунёларни жамлаган тасаввур оламларидаги борлиқни энг гўзал рангларда тасвирлайдилар, деб Qalampir.Uz ёзмоқда.
Бугун, 28 июнь куни Тошкент шаҳридаги Ғофур Ғулом номли истироҳат боғида Ўзбекистон ногиронлар жамияти Тошкент шаҳар Учтепа туман бўлинмаси томонидан ташкил этилган тадбирда ҳам 7 ёшдан 16 ёшгача бўлган 60 нафар имконияти чеклаган болалар иштирок этди.
Уларнинг кўзларида дунё мужассам. Ҳар бири ўзгача қобилият, ноёб иқтидор эгаси. Қоғозларда акс этган суратларда эса она Ватанга, ота-онага бўлган қайноқ меҳрнинг тафтини туясан.
Мазкур танлов Ўзбекистон ногиронлар жамияти томонидан бир неча йилдан буён ўтказиб келинади. “Мақсад – ногирон болаларнинг жамиятда ўз ўрнини топишга кўмаклашиш, соғлом тенгдошлари билан мулоқот ўрнатишини таъминлаш, ижтимоий мослашувидаги ноқулайликларга барҳам беришдан иборат”, дейди Ўзбекистон ногиронлар жамияти Тошкент шаҳар Учтепа туман бўлинмаси раиси Гулчеҳра Сайдиалиева.
Танлов иштирокчиларининг ҳар бирига Ўзбекистон ногиронлар жамияти Тошкент шаҳар Учтепа туман бўлинмаси ташаббуси билан ҳомийларнинг совғалари – ширинликлар, ўйинчоқлар, кийим-кечаклар топширилди. Энг яхши расмлар муаллифларига эса ташкилот номидан алоҳида совғалар берилди.
Танловда иштирок этаётган болалар чизаётган расмларни кузата туриб, Ўзбекистон ногиронлар жамияти Тошкент шаҳар Учтепа туман бўлинмаси раиси Гулчеҳра Сайдиалиеванинг сўзларига қулоқ тутдик.
“Ўзим ҳам ногирон бўлганим учун бу болаларнинг юрагидаги кечинмаларни жуда яхши тушунаман. Улар соғлом тенгдошлари орасида ўзини ноқулай ҳис қилмасин дейман. Бугун ногиронларга давлатимиз томонидан қанча шарт-шароитлар яратиб бериляпти. Минг афсуски, ногиронлар бошқача назар билан қарайдиган, уларнинг кўкрагидан итарадиганлар ҳам бор.
Мана, бир неча ойдирки ташкилотимиз биносиз. Ташкилот ишини уйимда ўтириб қилишимга тўғри келяпти. Бино сўраб бир неча бор туман ҳокимиятига мурожаат қилдим, бироқ мени эшитишни ҳам хоҳлашмади...”
Шу маҳал “Камолот” ЁИҲ Учтепа тумани Кенгашидан вакил келиб қолди. Салом-аликни ўрнига қўйган йигитча ҳокимиятдан жўнатишганини, бироқ қололмаслигини, шошиб турганини, бирор гап бўлса қўнғироқ қилишларини айтиб жуфтакни ростлади.
Қизиқ, наҳот Учтепа туманидагилар ногиронларга нисбатан шундай муносабатда бўлса? Мавзуга яна қайтамиз.