Биласизми?

Транспорт воситасида кўнгил айнишидан қутулиш йўллари

Бирор манзилга йўл олганингизда транспорт воситасида боланинг кўнгли айний бошлаши барча йўловчилар учун ҳақиқий синовга айланади. Бундан болаларнинг деярли учдан икки қисми азият чекади.

Бола улғая бориши билан бу муаммо секин-аста йўқолиб боради. Бироқ бу вақтга қадар ота-оналар фарзанди йўлни осонроқ босиб ўтиши учун турли усулларни синовдан ўтказади. Қуйида кўпчилик ота-оналар томонидан самарали усул деб топилган ва боланинг автомобилдаги саёҳатни ёқтириб қолишига сабаб бўладиган усулларни келтириб ўтамиз:

  1. Автомобил салонидаги ҳароратни назорат қилиб туринг

Ҳарорат қулай-салқин бўлиши ва ортиқча иссиқ ҳаво болани лоҳас қилмаслиги лозим. Агар имконияти бўлса, деразани бироз очиб қўйинг. Енгил шамол болани тетиклаштиради.

  1. Автоўриндиқни болага йўл кўринадиган қилиб мустаҳкамланг

Сиз юриб кетаётган йўлнинг болага кўриниб туриши уни чалғитишга хизмат қилади. Агар бола учун мўлжалланган автомобил ўриндиғи одатдагидай олдинда ўтирган йўловчининг орқасига ўрнатилган бўлса, ҳаракатсиз объектга узлуксиз қараш таъсирида ҳам боланинг кўнгли айниши мумкин.

  1. Болани турли ўйинларга қизиқтиришга ҳаракат қилинг

Масалан, светофорларни санаш мумкин. Бироқ бу каби ўйинни ҳам 5—7 дақиқадан ортиқ давом эттирмаслик керак.

  1. Бола билан кўпроқ гаплашинг

Болага сўз ўйини, турли топишмоқларни топишни таклиф қилинг. Унинг бу каби қизиқарли машғулотлар билан банд бўлиши йўлдаги ноқулай ҳиссиётларга эътибор қаратмаслигига сабаб бўлади.

  1. Ундан ўзини қандай ҳис қилаётганлиги ҳақида сўраманг

У ўзини қандай ҳис қилаётганлигини тўғридан-тўғри ва мунтазам равишда сўрайвермасликка ҳаракат қилинг. Бу билан сиз олдини олмоқчи бўлган ҳодисанинг муқаррар юз беришига болада ишонч уйғотишингиз мумкин.

  1. Йўлга чиқишдан аввал ўзингиз билан нордон конфетлар олинг ва саёҳат давомида болага уларни таклиф қилинг.
  2. Кўнгил айнишига қарши дори воситаси сифатида юпқа қилиб кесилган ва шакар сепилган лимон бўлаклари ҳам асқотиши мумкин. Уларни болага сўриш учун беринг. Бироқ бу усул аллергияси бор болаларга тўғри келмайди.
  3. Йўлга чиқишдан олдин бола жуда тўйиб олмаслиги лозим. Бироқ оч қорин билан чиқиш ҳам ярамайди. "Олтин оралиқ"ни топишга ҳаракат қилинг - творог, болалар йогурти, қайнатилган гўшт ва мевалар каби.
  4. Болага газли ичимликлар ичишга рухсат берманг
  5. Бола йўлни осонроқ босиб ўтиши учун кечаси йўлга чиқишга ҳаракат қилинг. Агар бунинг иложи бўлмаса, бола ухлайдиган пайтни мўлжалланг. Машинани тез-тез тўхтатиб туришга ҳаракат қилинг.

Мақолани тайёрлашда "Parenting.ru" сайти маълумотларидан фойдаланилди.