Ота-онанинг ширин ташвишлари
Фарзандингизнинг дастлабки хатти-ҳаракатлари сизни беэътибор қолдирмаслиги аниқ. Унинг илк озуқаси оғиз сутидир. Чақалоқ овқат ҳазм қилиш жараёнини ўзлаштиради. Ташқи муҳит таъсирларига тегишли равишда жавоб қайтаришга ҳаракат қилади, кўради ва эшита бошлайди. Унда туғма (шартсиз рефлекслар) эмиш, ютиш, кўзини очиб-юмиш каби кўникмалар ва онгли фаолиятнинг биринчи белгилари (шартли рефлекслар) юзага чиқади.
Биринчи ой
Гўдак қорнига ётқизилганда қисқа муддат бошини тик ушлай олади. Шу муддат давомида ёрқин нарсаларга қарайди. Лекин жажжи инсон мушаклари ўз таранглигини сақлаган, яъни эмбрионлик даврига хос бўлган юқори таранглигини йўқотмаган бўлади.
Иккинчи ой
Унда мушаклар сиқиқлиги камаяди. Дастлаб бўйин мушаклари анча бақувватлашиб, ўз фаолиятини бажара оладиган бўлади. Бу кичкинтойга қоринда ётиб бошини кўтара олишига ёки уни атрофга буришга имкон беради. Бола энди тепада осилиб турган ўйинчоқларга қарай бошлайди. Агар гўдак билан ёқимли овозда сўзлашсангиз, у кулгу билан жавоб қайтаради. Фарзандингиз тўғри ривожланиши учун тез-тез поликлиникага, педиатр кўригига бориб туриш лозим. Болалар поликлиникасида боланинг вазни ва бўйи ўлчанади. Ота ва оналар учун керакли маслаҳатлар: уқалаш муолажалари, ўйинчоқларни тўғри танлаш, дастлабки гимнастика машқларини қандай бажариш лозимлиги ўргатилади.
Миттивойнинг жисмоний кўрсаткичини асосини тана вазни ва узунлиги ташкил этади. Бола гавдасининг оғирлиги ҳаётининг биринчи ҳафтасида камайган бўлишига қарамай, кейинчалик кўпайиб боради. Кейинги уч ҳафтада унинг оғирлиги ўртача 600 грамм ёки 20 фоизга кўпаяди. Гавда узунлиги 3 см. га ўсган бўлса, умрининг 2-ойида боланинг гавда оғирлиги 800 гр., узунлиги 3 см. га ошади.
Учинчи ой
Бу вақтда бола қадам қўйганда – унинг руҳий ривожланишида дастлабки сезиларли давр ҳисобланади. Бола гавдасини узунлиги 9 см. га ортади. Унинг тана вазни эса туғилган вақтдагига нисбатан 2 кг. дан зиёд кўпаяди. У онасига маъноли қарай бошлайди. Эркаласа гўдак юзида табассум пайдо бўлади, қўлчаларини чаққон ҳаракатлантириб, ноаниқ бўлган товушлар билан жавоб қайтаради. Чақалоқ уйғоқ вақтида ўзини тинч тутади. Теварак-атрофга шунчаки қарамай, балки осиб қўйилган ўйинчоқларни ва ҳаракатланаётган предметларни нигоҳи билан кузатиб боради.
Бу даврда жуда кўп туғма рефлекслар қаторига яна шартли рефлекс деб аталган ҳаракатлар ҳам қўшилади. Болани онаси қўлига олиб эмизса унда қувноқ жонланиш пайдо бўлади. Лаби билан қимтиниб, тамшана бошлайди. Уйқу ва уйғоқлик даври аниқ бир маромга туша боради. Боланинг психикаси унинг ҳаракат кўникмалари билан баравар ривожланиб боради. Қорни билан ётқизилганда гўдак энди ўз тирсакларига таяниб ётади. Бошини ҳам яхши тутади. Фарзандингиз бошини баланд товуш келган тарафга қаратиб, бемалол бура олади. У чалқанча ётқизиб қўйилганда ўйинчоқларни томоша қилиш билан чекланмай, уларни ўзининг тартибсиз қўл ҳаракатлари билан тасодифан уриб ўйнайди. Шу сабабли боланинг тепасига ўйинчоқларни унинг қўли етадиган баландликка осиш керак.
Тўртинчи ой
Гўдак энди чалқанча ётган ҳолатда бошини бемалол кўтаради. Қорни билан ётганда тирсак ва билакларига таяниб туришга ҳаракат қилади. Агар қўлтиғидан ушланса, оёқларини ерга қаттиқ тираб тура олади. Мушаклар ҳаракати ҳам анча ривожлана боради. У чалқанча ётган ҳолатидан ёнбошлаб қолади. Гавда ҳолатини ўзгартиришга ҳаракат қилади. Ўйинчоқларини узоқ вақт ўйнаб ётади. Болага ҳаракатланадиган очиқ рангдаги предметлар ёқади. Гўдак билан ўйнасангиз ва уни эркалаганда қаттиқ “қиқирлаб” кулади.
Катта ёшли кишини турган жойини уни овозига қараб белгилай олади. Овқатлантириш вақтида онасининг кўкрагини ёки овқат солинган шишани ушлаб олади. Тўрт ой мобайнида ҳаммаси бўлиб гўдак вазнига қўшилган оғирлик тахминан 3 кг га етади. Унинг гавда узунлигига эса 11 см. қўшилади. Тўртинчи ой боланинг жисмоний жиҳатдан тўғри ўсаётганлигини кўрсатувчи яна бир муҳим белги билан характерланади.
Гўдак кўкрак қафасининг ўсиш суръати бошининг ўсишидан юқори бўлади. Мана шу даврда 4 ойлик боланинг кўкрак қафас айланаси билан бошнинг айланаси бир бирига тенг бўлади. Шундан кейин эса соғлом кўкрак қафасининг айланаси ҳар доим бошнинг айланасидан катта бўлади. Шу даврда боланинг кўзида ёш пайдо бўлади. Бунда ёш ажратиб чиқарувчи безларнинг худди сўлак ажратиб чиқарувчи безлар сингари фаоллиги ошган бўлади. Шу пайтдан бошлаб у йиғлаганда кўзларидан ёш чиқади, оғзидан оқаётган сўлак сезилиб туради. Чақалоқда сўлак оқишининг кўпайишига сабаб сўлак безларининг яна ҳам жадал ишлай бошлашидир. Бола оёқ ва қўлларини куч билан узатиб ва йиғиб ўйнай бошлайди.
Бешинчи ой
Фарзандингиз беш ойлик бўлганида ҳаракат кўникмалари яна ривожланиб боради. У энди фақат бошинигина эмас ҳатто, кафтига таяниб, гавдасини ҳам кўтариб тура олади. Чалқанча ётқизиб қўйсангиз, қийналмасдан қорнига ётиб олади. Гавдасидан тўғри ушлаб ёрдам берилса, ишонч билан тикка туради. Оёқлари билан қадам ташлашга ҳаракат қилади. Бу ойда бола ота-онасини ва яқин кишиларини танийди. Нутқнинг баланд-пастлигини аниқ фарқ қилиб, шунга яраша кулади ёки йиғлаб юборади. Гўдакниниг жисмоний имкониятлари ҳисобга олиниб, энди ўйинчоқларни унинг қўли етадиган масофага ташлаб қўйилади. Беш ойлик бўлган боланинг вазнига 600-700гр бўйига эса 2, 5 см. қўшилади.
Олтинчи ой
Бола олтинчи ойга қадам қўйганида ўйинчоқларни бемалол қўлига олади ва уларни узоқ ушлаб ётади. Бир жойдан иккинчи жойга сурилиб бора олади. Эмаклаш малакаси икки жиҳатдан муҳим: биринчидан бу умумий ҳаракат фаоллигини рағбатлантиради. Орқанинг узун мушаклари ривожланишига ёрдам беради. Бу эса ўпкада ҳаво алмашишини яхшилайди. Келгусида гўдакнинг қадди-қомати нотўғри ривожланишининг олдини олади. Аъзо ва тўқималарнинг қон билан таъминланишини оширади. Иккинчидан гўдакнинг билиш имкониятларини кенгайтиради. Бу эса боланинг асаб-руҳий ривожланиши учун қулай шароит яратади. Шунингдек, бу даврда бола бўғинга ўхшаш товушлар чиқаради. Онанинг қўлида бемалол ўтира олади. Лекин, унинг умуртқа поғонаси ва орқа мушаклари зарур меъёрда мустаҳкамланмагунча болани ўтиришга мажбурлаш керак эмас.
Олтинчи ойда боланинг руҳий ҳолати сезиларли даражада ривожланади. У теварак-атрофдаги воқеаларга қизиқиб қарайдиган бўлади. Қорни тўқ бўлса-да, унга ҳеч ким эътибор бермаса ёки хонада бир ўзи қолса, йиғлайдиган одат чиқаради. Бундай пайтда соғлом бола уйғоқ бўлганида бир неча муддат ёлғиз қолишга ўргатилиши керак. Бу уни теварак-атрофдаги буюмларни ўзи мустақил равишда билишга ўргатади. Бу даврда бола қошиқдан бемалол овқат ея олади. Таомни кўриши билан оғзини очади ва лаблари билан қимтиб олади.
Еттинчи ой
Бола ҳаётининг еттинчи ойида аниқ ва мақсадли ҳаракатлар кўпайиб боради. Кичкинтой шиқилдоқ билан теварак-атрофидаги нарсаларни ура бошлайди. Илгари у ўйинчоқларини тез-тез қўлидан тушириб юборган бўлса, энди уларни кўпинча улоқтириб ўйнайди. Кун сайин бола чаққонроқ, эпчилроқ бўлиб боради. Унга қанча кўп эркин ҳаракат қилишга имкон берилса, у ўз гавдасини шу қадар ишонч билан бошқаришга интилади. Бола энди бемалол эмаклайди. Икки қўлидан ушласангиз, тик тура олади. Бу ёшдаги кичкинтойлар учун қўғирчоқчалар, қутичалар, резина ва пластмассадан ясалган ўйинчоқлар, пластмасса қошиқчалар ва бошқа шунга ўхшаш буюмлар энг яхши овунчоқ ҳисобланади. Бу даврда боланинг психикаси тез ривожланади. Агар катта ёшли киши хонада турган буюмларнинг номини айтса, у кўзлари билан ўшани қидиради ва топади. Кичкинтой энди нуқул бир хил бўғинлар ва оҳанглардан иборат товушлар чиқариб, узоқ вақт ўзича ғудурлаб ётади. Еттинчи ой – боланинг ота-онасига биринчи марта тўполон ва хархаша қиладиган давридир. Бу ҳаракатлар унинг ўз истаги бажарилиши учун қатъий интилишидан иборат бўлади. Бола ўзини кўтаришларини талаб қилиб йиғлайди, хонада бир ўзи қолишни истамайди.
Саккизинчи ой
Саккиз ойлик бўлганида кўпчилик болаларнинг тиши чиқиши боис, безовталаниб, инжиқ бўлиб қолади. Ўзини бошқача ҳис қилиши ва хатти-ҳаракатлари ҳам ўзгариши мумкин. У турли буюмлар ва бармоқларини оғзига олиб бораверади. Буни кичкинтой ўша нарсалар нима эканлигини билиш учунгина қилмай, тиши чиқаётганлиги сабабли милкларини гўё қашигандек бўлади. Кўпчилик ота-оналар бундай пайтда махсус резина ҳалқаларини болага ўйинчоқ қилиб берадилар. Бу ўйинчоқлар ҳар куни қайноқ сувда қайнатилади ва тоза идишларда сақланади.
Тўққизинчи ой
Тўққизинчи ойда бола одатда бирор нарсага суяниб бемалол тик тура олади. Қўлидан ушласангиз, “атак-чечак” қилиб юра олади. Баъзи бир нарсалар (ёстиқ, китоб, чамадон ва бошқалар)нинг устига чиқиб кетади. Ўйинчоқларни ўтириб ўйнашни ёқтиради. Бу унга ўз гавдасини турли томонларга буриш, қўли билан ўйинчоқларни эркин ҳолда суриш имконини беради.
Бола энди предметларнинг ранги ва шаклинигина ажратиб қолмай, уларнинг катта-кичиклигини ҳам фарқлай оладиган бўлади. Бу ойда бола ўз исмини билиб олади. Чақирган кишига ўгирилиб қарайди. Энди у сўзларнинг фақат оҳангини илғаб қолмай, балки ўша сўзларнинг (берма, ташла, кел, кўтараман ва бошқа шунга ўхшаган сўзларнинг) маъносини ҳам тушуна бошлайди.
Ўнинчи ой
Ўнинчи ойда боланинг танаси ўрта ҳисобда 500 граммга ортади. Бўйи эса тахминан 2 см. ўсади. Шундай қилиб, бу кўрстакичларнинг ўсиш суръати бир қадар пасаяди. Лекин кичкинтойнинг жисмоний кўникмалари ва руҳияти тез ривожланаётгани кузатилади. У энди оддий нутқни тушунади. Бошқа болалар билан учрашиб қолганида улар билан мулоқотга киришмоқчи бўлади. Янги нарсаларни ушлаб кўришни ва бармоқлари билан уларни кўрсатишни яхши кўради. Катталарнинг ўзини эркалаб, ўйнатишларини ёқтиради.
Ўн биринчи ой
Ўн биринчи ойга келиб, уларнинг гавда оғирлиги туғилган вақтдагига қараганда уч ҳисса ортади. Бу даврда бола узоқ вақт мустақил равишда тик туришга ва ҳатто, “атак-чечак” қилиб юришга уринади. Баъзан бу ёшдаги кичкинтойлар, ўзининг аравачаси ва стулчасини олдига итариб, шу нарсаларга таянган ҳолда секин-аста юра бошлайди. Бармоқлар ҳаракати ҳам бу даврга келиб, сезиларли даражада ортади. Гўдак энди нисбатан мураккаброқ ҳаракатларни бажара бошлайди. Ўйинчоқ пирамидадан ҳалқаларни чиқариб олади ва яна уни жойига қўяди. Қутичаларни очиб-ёпишни яхши кўради. Бола ҳаётининг ўн иккинчи ойи, унинг бир ёшга тўлишини якунловчи энг қийин ва масъулиятли ой ҳисобланади. Бу даврда гавдага қўшиладиган вазн миқдори камаяди. Бутун ўн икки ой мобайнида гўдакнинг бўйи фақат бир сантиметрга ўсади. Унинг вазни эса 350 граммга ортади. Бир ёшли бола энди мустақил туради ва юра олади. Фарзандингиз зиналардан эмаклаб чиқади ёки унча баланд бўлмаган стулчасига тирмашади. Бола икки бўғинли сўзларни фаол ўзлаштира бошлайди. Сўзларни айтаётганида, у имо-ишоралар қилади.
Ўн иккинчи ой
Ўн иккинчи ой боланинг ҳаётида бир ёшга тўлиш тантанаси – биринчи байрам оила даврасида қувонч билан нишонланади.
Феруза Назарова,
тиббиёт фанлари номзоди,
врач-неонатолог
Манба: Tafsilot.Uz