Янги мактабга ўрганолмаяпман — фарзандингизнинг бу гапи сизни ўйга толдириб қўйди-я? Хавотирланманг, бу фожеа эмас.
Янги шароит, янги жой фақат болаларни эмас, балки катталарни ҳам чўчитиши турган гап. Ўзимиз билмаган, ўрганмаган жойдаги номаълум хавф бизни қўрқитади. Энди боланинг бу гапи учун хафа бўлиш ҳам ноўрин. Уни синфдошлари, тенгдошлари билан “тил топишиб” кетиши учун нима қилишимиз зарур?
Синфдагилар мени қабул қилармикан, улар мени ўзиники деб билармикан бу саволлар болани тинч қўймайди. У ўз қобиғига ўралиб олмаслиги учун эса ота-онанинг руҳий далдасига эҳтиёж сезади. Бу болангиздаги характердан келиб чиқади. У мослашувчан феълли бўлса бу янги алоқалар уни хурсанд қилади, у осонгина ўртоқ топиб олиши мумкин.
ВАҚТНИ ТАНЛАЙ ОЛИНГ
Боланинг мактабини ўзгартиришга тўғри келса бунинг учун ўқув йилининг бошини танланг. Бола бу вақтда мослашиши қулайроқ бўлади. Иложи бўлса болани олдинроқдан мактабга олиб бориб синф раҳбари билан таништиринг.
- Болага янги мактабининг афзалликлари ҳақида мисоллар билан гапириб беринг.
- Фарзандингизнинг янги мактаб билан боғлиқ ҳар бир муаммосини эътибор билан эшитинг. Ундаги қўрқувни бартараф этишда сизнинг маслаҳатларингиз қўл келади.
- Унинг эски мактабидаги ўртоқларини меҳмонга чақиринг. Агар у янги ўртоқларига кўникиб бўлган бўлса, уларни ҳам таклиф қилинг.
- Ўзингиз ҳам болага қўшилиб хавотирланаётганингизни унга асло сездирманг. Сиздаги ишонч болада ҳам ўзига бўлган ишонч ошишига мажбур қилади.
- Синф раҳбарининг ёнига бориб болангизнинг кучли ва заиф томонлари хусусида ҳам сўзлаб беринг.
- Синфдан ташқари уюштириладиган саёҳатларга болангиз боришига рухсат беринг. Мактабдан ташқари алоқалар болаларни бир-бирига яқинлаштиради.
КЎП КУЗАТИЛАДИГАН ҲОЛАТЛАР
Янги одамни ҳамма жойда олдин кузатишади, ўрганишади, кейин муносабат ўрнатишади. Мактабда ҳам ўзининг лидерлари бор, норасмий йетакчиларию, зўравонларигача йетарли. Бола уларнинг ҳар бирини ўрганиб уларга мослашиши учун бошида қийин бўлади.Яна бир муаммо, янги синфдошлар ўзлари билмаган ҳолда янги болага паст баҳо берадилар. Аммо, бола ўзини ҳар доим қандай бўлса шундайлигича тутиши тавсия этилади.
Болангизга “Ҳамма ўринлар эгаллаб бўлинган менга ўрин йўқ” дейиш нотўғри эканлигини тушунтиринг. Ҳар бир одамнинг ўзигагина хос бўлган ўрни бор. Фақат бунинг учун синфдошларидан ўзига ёққанларига дўстлик қўлини чўзиши керак.
ОТА-ОНА НИМА ҚИЛИШИ КеРАК?
Болаларнинг умумий қизиқишлари бирлашадиган тўгараклар — спорт, сузиш, шахмат кабиларга боришига рухсат беринг.Мактаб йиллари ўтиб кетади, лекин дўстлар йўқолмайди.
Ота-оналар мажлисига бориб, у йердаги ота-оналар билан танишинг.
Синфдагиларнинг умумий қизиқишлари нималигини билиб олинг.
Янги мактабга ўрганиш болага қанчалик қийинчилик туғдирмасин, у сизнинг юзингизда ўзига бўлган ишонч ва ҳайриҳоҳликни кўриб турсин.
СУВ БЎЛИШ УСУЛИ
Бола жамоада танқиддан қочиб, кўпроқ кулиши керак. Эски мактаби ва янгисини солиштириш унинг фойдасига хизмат қилмаслиги мумкин. Ҳар бир жамоанинг ўзининг ёзилган ва ёзилмаган қонун қоидалари бўлади. Бола ана шу қоидаларга бўйсунмаса, уни жамоа ўзига қўшмайди. Яна ўзиникини ўтказаман деб уриниши ҳам бутун жамоанинг унга қарши чиқишига олиб келиши мумкин.
Психолог Нафосат Зикирова тавсиялари асосида ёзилди.