Биласизми?

Янги йил байрами кунлари «Анҳор-Локомотив» боғи ташрифчиларига имтиёз ва чегирмалар тақдим этилади

Маълумки, анъанавий равишда Тошкентдаги Мустақиллик майдонига ўрнатиб келинган Ўзбекистоннинг асосий Янги йил арчаси 2016 йилда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖга қарашли «Анҳор-Локомотив» боғига кўчириладиган бўлди. АЖ матбуот хизмати арчанинг очилиши арафасида олиб борилаётган тайёргарликлар акс этган фотосуратларни эълон қилди. Бу ҳақда Daryo.uz.

Халқ сайли ўтадиган майдондан автотураргоҳга дарвоза очилади. Бу дам олиш учун ташриф буюрганларга қўшимча қулайликлар яратади.

Байрам кунларига тайёргарлик давом этмоқда. Боғ марказида 15 метрлик арча ўрнатилди. Боғ ҳудудида, шунингдек, Янги йил совғалари сотиладиган ярмарка ташкил этилиши, болалар учун машҳур эртак ва мультфильм қаҳрамонлари иштирокидаги аниматорлар томошалари ҳозирланиши кутилмоқда.

Дам олиш жойлари ҳам очиқ осмон остида, ҳам ёпиқ биноларда мавжуд. Жумладан, боғда ресторан, бир қанча қаҳвахона, болалар ўйин майдонлари, шунингдек, 320 томошабинга мўлжалланган ёзги театр бор.

Жорий мавсумда энг кўп одам ташриф буюрадиган усти ёпиқ зонада эса интерактив кўнгилочар аттракционлар ва ҳордиқ муассасалари жойлашган. Картодромдан ташқари, бу ерда ўйин марказлари мавжуд. Квест-Рум, Лазер-Таг, лабиринт, тир (икки турдаги), Даҳшат хонаси, ўйин автоматлари, қаҳвахоналар ва дўконлар шулар жумласидандир.

Байрам кунлари боғда имтиёзли дастур ҳамда болалар ва ёшлар учун чегирмалар тизими амал қилади. Масалан, талабалар ва коллеж ўқувчилари гувоҳномаларини кўрсатса, уларга 25 фоизлик чегирма тақдим этилади. Бўйи 130 сантиметрдан паст бўлмаган 9–14 ёшдаги мактаб ўқувчиларига болалар картинги учун 25 фоизлик чегирма тақдим этилади. Бундан ташқари, тўрт кинозалда Янги йил фильмлари премьералари намойиш этилиб, у ерда ҳам чегирмалар тизими ишлайди.

300 машинага мўлжалланган автотураргоҳ бепул ишлайди.