Йўл ҳаракати хавфсизлиги ва маданияти бўйича аҳоли билимини ошириш ҳамда шу соҳага доир масалаларга ечим топиш мақсадида "Carzone.uz" сайти Саҳар ижтимоий тадбиркорлик онлайн мактаби билан ҳамкорликда интернетда акция ўтказади.
Онлайн акция 8 февралдан 10 февралгача акция ҳамкорларининг веб-сайтлари ва ижтимоий тармоқлардаги манзилларида бўлиб ўтади.
Акциянинг ҳар бир куни алоҳида муҳокама мавзуи учун ажратилган. 8 феврал куни “Муаммо нимада: Ҳайдовчилар ва пиёдалар хавфсизлиги ва маданиятини оширишимизга қандай эҳтиёж бор?” мавзуида суҳбат ўтказилади. Унда статистик маълумотлар, шахсий гувоҳлик бериш (видео, аудио, ёзма), давлат ва халқаро ташкилотлар ҳисоботи ҳамда рўйхатлари асосида муаммонинг аҳамияти очиб берилади. 9 феврал кунги мавзу: “Маданиятимизда йўл хавфсизлигига нисбатан эътиборсизлик ёки беписандликнинг шаклланишига қандай омиллар таъсир кўрсатади?”. Унда хавфсизлик камарини тақмаслик, маст ҳолда ҳайдаш, исталган жойда тўхташ, пиёда йўлнинг истаган жойидан кесиб ўтиши, дориқути сақламаслик сингари беписандликлар тўғрисида гаплашилади. 10 феврал куни “Ҳайдовчилар ва пиёдалар хавфсизлиги ва маданиятидаги муаммоларга қандай ечим таклиф қиласиз?” мавзуида суҳбатлашилади. Унда қатнашчилар ижтимоий маданиятни шакллантириш борасида таклиф-мулоҳазаларини ўртага ташлайди.
Онлайн-тадбирда қатнашинг.