Биласизми?

Ёзги мавсумда 1290 та оромгоҳ болаларга хизмат кўрсатади

Жорий ёз мавсумида Ўзбекистонда 1290 та болалар оромгоҳи фаолият кўрсатади. Уларнинг 214 таси стационар, 936 таси кундузги ва 140 таси меҳнат ва дам олиш оромгоҳи ҳисобланади. Бу ҳақда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси матбуот хизмати хабар қилди, деб ёзмоқда Gazeta.uz.

294,3 минг нафардан зиёд боланинг соғломлаштирилиши режалаштирилган бўлиб, бу ўтган йилгига нисбатан 7100 нафарга кўп демакдир. Мазкур мақсадларга 52,3 млрд сўмдан зиёд маблағ йўналтирилади.

Касаба уюшмалари федерацияси бу йилги ёзги мавсумда иккита — Сурхондарё вилоятидаги «Амударё» ва Хоразм вилоятида «Автомобилчи» соғломлаштириш оромгоҳини фойдаланишга топширди.

Оролбўйи ҳудудига 4500 бола Тошкент, Жиззах, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларидаги корхона ва ташкилотлари оромгоҳларига бепул йўлланмага эга бўлади. Касаба уюшмалари ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 40 минг нафар, шунингдек «Меҳрибонлик» уйлари тарбияланувчилари ҳамда жисмоний имконияти чекланган 2000 болага бепул ва имтиёзли йўлланмалар тақдим этади. Касаба уюшмалари тизимидаги санаторияларда 2500 нафар она ва болалар саломатлигини мустаҳкамлайди.

Бундан ташқари, Навоий вилоятининг Томди, Учқудуқ, Конимех ва Нурота туманларидан 500 бола Навоий кон-металлургия комбинати ҳомийлик маблағлари ҳисобидан соғломлаштирилади. 100 бола эса Жиззах аккумулятор заводи маблағлари ҳисобидан Жиззах вилоятида ҳордиқ чиқаради.