Саломатлик

Ёзни болалар учун хавфсиз қилишнинг 6 та қоидаси

Ёзда болалар кўп вақтини очиқ ҳавода ўтказиб, болалар майдончаларида ўйнайди, роликларда ва велосипедларда учади, сув ҳавзаларида чўмилади. Буларнинг барчаси ажойиб, аммо шуни ҳам унутмаслик керакки, шифокорлар ёзги мавсумни йилнинг болалар энг кўп шикастланишлар оладиган даври деб атайди.

Бу тушунарли — ахир кўчада ёки табиат қўйнида фаол вақт ўтказсангиз, жароҳат олиш эҳтимоли уйда ўтиргандагидан кўра анча юқори бўлади. Бироқ саросимага тушиш  ва болани хавфсизлик нуқтаи назаридан уйга қамаб қўйиш ҳам керак эмас. Шунчаки болага бир нечта оддий хавфсиз юриш-туриш қоидаларини ўргатинг, улар болани эҳтимолий кўнгилсизликлардан ҳимоя қилади. Ушбу қоидалар Американинг Shriners Hospitals for Children болалар касалхоналари тармоғи мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган.

  • Кўчага чиқаётиб, бош кийим кийишни, кўзойнак тақишни ва қуёшдан ҳимоя қилувчи крем суришни унутма.
  • Фақат катталар назорати остида чўмил.
  • Болалар майдончасида ўйнаётиб, туртишма.
  • Тепаликдан сирпаниб тушишда сендан аввалги бола учиб бўлиб, нарига кетганига эътибор бер. Шундагина учиш мумкин. Ва ҳеч қачон бошни пастга қилиб сирпанма, фақат оёқларни олдинга қилиб уч.
  • Арғимчоқда фақат ўтирган ҳолда уч. Ундан тушмоқчи бўлсанг, у тўлиқ тўхтаб бўлгунича кутиб тур. Кимдир арғимчоқ учаётган вақтда унга яқин борма.
  • Гулханлардан узоқ юр.

Ортопед-травматолог шифокор Матвей Макаров қуйидагича маслаҳатлар билан бўлишди:

“Ёзда болаларда жароҳат олиш эҳтимоли ҳақиқатан ҳам юқорироқ. Табиат қўйнидаги фаол ўйинлар бунга албатта имконият яратади. Бунда синиш ва лат ейишлар етакчилик қилади. Ундан кейинги ўринни чиқиш ва чайқалишлар эгаллайди. Шу туфайли шлем ва қўшимча ҳимоя воситаларини сотиб олиш керак. Бунда гап боланинг ролик, скейт ва велосипед учиши ҳақида бормоқда. Унутманг, шлем болани мия чайқалишидан қутқариб қолиши мумкин. Тиззабандлар эса, масалан, лат ейишлардан ҳимоя қилади. Учиш учун мос бўлган жойларни танлашга ҳаракат қилинг. Касалхоналарга ўз вақтида мурожаат қилинг. Масалан, ота-оналарнинг барчаси ҳам боладаги мия чайқалишини ўз вақтида пайқамаслиги мумкин, у эса ўзига хос белгиларга эга, булар — бемадорлик, кўнгил айниши, бош оғриғи, сустлик, пойма-пой нутқ.”